Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.05.2018 16:55 Чоп этиш версияси

МИННАТДОРЛИК. Раҳмат сизга, яхши одамлар!

Мусулмон бобо Россиянинг Воронеж вилоятидаги “Дружина” изтопарлар отряди командири Леонид Петрович Баршев бошчилигидаги изтопарлардан, шунингдек, журналистлар Тошқул Бекназаров ва Илҳом Носировдан миннатдор.

ЎзА сайтини кузатиб бораётган бўлсангиз, 27 апрель куни “Жомбой Кулбоевни биладиганлар борми?”, 4 май куни “Жиянбой Кулбоевнинг фарзандлари, яқинлари топилди”, 8 май куни “78 ёшли Мусулмон Жиянбоев урушга кетган отасининг дарагини 77 йилдан сўнг топди” сарлавҳали мақолалар эълон қилинган эди.

Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига мисли кўрилмаган кулфату машаққатлар келтиргани тарихдан маълум. Бу машъум уруш ота-онани фарзандидан, аёлни эридан, ака-укани бир-биридан бир умрга ажратиб юборди. У қолдирган жароҳат орадан, мана, 70 йилдан кўп вақт ўтган бўлса-да, ҳамон битган эмас. Бугунги кунда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бахмалсой қишлоғида яшовчи 78 ёшли Мусулмон ота Жиянбоев ҳали ёшига тўлмай туриб отасидан айрилган уруш фарзандларидан бири. Сайтимизда шу йил 27 апрель куни эълон қилинган мақола сабаб ўзи кўрмаган отасининг дарагини топган Мусулмон ота бу эзгу ишга бош қўшган барча инсонлардан беҳад миннатдор. Қуйида отахоннинг ана шу миннатдорлик мактубини ўқийсиз.

"Яқиндагина юртимизда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги кенг нишонланди. Бу сана инсонлар қалбида уруш қолдирган жароҳатларни, йўқотишлару айрилиқларни яна эслатди. Мен ҳам уруш туфайли отасиз қолганлардан бириман.

Мен отамни кўрмаганман, у ҳақда деярли ҳеч нарса билмайман. Отам ҳақида билганларим: у урушга кетганида 29 ёшли йигит, мен бир ёшли бола бўлганман.

Урушдан олдин туғилган кўплаб болалар каби мен ҳам етим ўсдим. Онам раҳматлининг айтишича, отамдан урушга киргани ҳақида келган хат охиргиси бўлган. Ўша пайтларда бундай бедарак кетганлар фақат менинг отам бўлмаган, албатта. Аммо инсоннинг умиди сўнмайди. Қишлоғимизга урушдан қайтган ҳар бир аскар келганида ҳеч кимга кўринмай йиғлаганларим, “менинг отам ҳам бир кун келади” деган умид билан йилларни ўтказганимни эсласам, ҳозир ҳам кўзларим ёшга тўлади.

Ёшим улғайгач, уруш деган жаҳаннамдан қайтмаган биргина менинг отам эмаслигини, менга ўхшаган ота меҳрига зор яна минглаб, юз минглаб болалар борлигини англаб етдим. Аммо “Бедарак кетди”, дегани “ўлди” дегани эмас-ку. Уларга аза очилмайди. Отасидан тирик жудо бўлган мен каби одамлар учун падари бузруквори қабрига бир ҳовуч тупроқ ташлаб, руҳи покига Қуръони каримдан биргина сура тиловат қилиш ҳам армонга айланган. Бедарак кетган аскарларнинг болалари оталарини бир умр кутиб яшайди. Мен ҳам кутиб яшадим.

Кунлар, ойлар, йиллар кутиш билан ўтди. Мен бугун икки кам саксон ёшдаман. Отам урушга кетганига етмиш етти йил бўлди. Не ажабки, умр ҳам, умид ҳам поёнига яқинлашаётганида отамдан дарак келди. Инсониятга катта мусибат келтирган фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги арафасида мен отамнинг шаҳид бўлганидан хабардор бўлдим. Мен яратган эгамга отамни раҳматига олишини сўраб дуолар қилдим. Ватан озодлиги учун жангда қурбон бўлган барча шаҳидлар қатори отамнинг ҳам жойини жаннатда қилишни Яратгандан сўрадим.

Орадан етмиш етти йилдан сўнг таскин берувчи хабар менга етиб келгани учун шукрлар қиламан. Савоб йўлида бу ишга бош қўшган, жанггоҳлардаги тупроқ тагидан ҳалок бўлган аскарларнинг хокини топиб, иззат-икром билан дафн этаётган, шахсини аниқлаб, яқинларини излаётган россиялик изтопарлардан беҳад миннатдорман. Бу ишни амалга оширган Россиянинг Воронеж вилоятидаги “Дружина” изтопарлар отряди командири Леонид Петрович Баршевга, отряд аъзолари Елена Николаевна Филоненкога, “Суворов” изтопарлар отряди етакчи мутахассиси Олъга Викторовна Стружановага бошим ерга теккунча таъзим қиламан. Илоё, ҳеч қачон, ҳеч қаерда уруш бўлмасин, гўдаклар мендек етим қолмасин.

Урушда бедарак кетган жангчиларнинг яқинларини қидиришда россиялик изтопарлар билан бирга фаол ҳамкорлик қилаётган жиззахлик олижаноб инсон (ҳа, у чиндан ҳам олижаноб), меҳнат фахрийси Юрий Владимирович Сторожукка умрим сўнггигача раҳматлар айтаман.

Маълумотлардаги ноаниқликларга қарамай, мени ахтариб топишда қатъият ва сабот кўрсатган журналистлар Тошқул Бекназаров ва Илҳом Носировга алоҳида миннатдорлик билдирман.

Мени ва яқинларимни топиш учун қишлоқма-қишлоқ юриб, суриштирган Ғаллаорол туманидаги “Умид” дорихонаси мудири Хидирбой Эргашевга, Жиззах политехника институти ўқитувчиси Абдуманнон Мусаевга, нафақадаги шифокор Умрзоқ Элмуродовга ва қидирувда иштирок этган барча-барча инсонларга Аллоҳ ўзи мададкор бўлсин.

Бу савоб ишни қўллаб-қувватлаб, ҳамкорлик қилгани учун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари таҳририятларидан ҳам беҳад миннатдорман.

Энди ҳеч қаерда, ҳеч қачон уруш бўлмасан. Ҳеч бир бола отасиз қолмасин. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг бахтли ҳаёти йўлида олиб бораётган олижаноб ишларида, дунёдаги нотинчликни бартараф этиш учун кўрсатаётган ташаббусларида доимо омад ёр бўлсин.

Раҳмат сизга, яхши одамлар! Сизлар бор – олам бор. Шу муборак Рамазон кунларида юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб, яхши одамларни дуо қилиб қолувчи 78 ёшли уруш фарзанди".



Мусулмон Жиянбоев,
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги
Бахмалсой қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси.

ЎзА
3 968