Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.12.2017 19:34 Чоп этиш версияси

Жиззахда ташкил этилган давра суҳбат қонун ижроси муҳокамасига бағишланди

Жиззахда Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари газеталари, тармоқ ва нодавлат нашрлари муҳаррирлари, вилоят телерадиокомпанияси раҳбарлари иштирок этди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни турли ёт ғоя ва иллатлар таъсиридан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда мазкур қонун муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. Қонун ижросини таъминлашда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 августда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувидаги маърузасида белгиланган вазифалар муҳим дастуриламал бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш ва ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган, демократик талаб ва стандартларга тўла жавоб берадиган 10 га яқин қонун ҳужжати қабул қилиниб, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Натижада ахборот алмашув суръати тезлашиб бораётир. Интернет тармоғида биргина Жиззах вилоятидан 29 uz доменли веб-сайт, ахборот портали фаолият кўрсатаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Тадбирда мазкур қонуннинг мақсад ва вазифалари, уни амалга оширишга масъул ташкилот ва муассасаларнинг ваколати, ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар хусусида атрофлича фикр алмашилди. Бу йўналишда матбуот, ахборот, таълим муассасалари, ижодий ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишларга танқидий баҳо берилди. Президентимиз томонидан адабиёт, санъат ва маданият соҳаларини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш орқали халқимиз маънавиятини бойитиш, нашриётлар, оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, китоб чоп этиш ишларини юқори босқичга кўтариш соҳасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда ҳудудий нашрлар, веб-сайтлар фаолиятини тўғри йўналтиришнинг аҳамияти ортиб бораётганига эътибор қаратилди.

– Ушбу қонун қабул қилиниши халқаро майдонда ахборот хуружи авж олаётган бугунги кунда ёшларимизни ёт ғоялардан асрашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Улуғбек Одилов. – Қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳудудда ахборот маҳсулотлари ишлаб чиқувчиларнинг ахборотни ёшга оид таснифлаш, экспертизадан ўтказиш ишларини амалга оширишда олдимизда катта вазифалар турибди. Давра суҳбатида ахборот тайёрлаш, тарқатишда мазкур қонун талаблари бажарилишини таъминлаш, бу ишга тегишли муассасалар ва кенг жамоатчиликни фаол жалб этиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
1 310






Все о погоде - Pogoda.uz