Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2018 19:03 Чоп этиш версияси

Жиззахда ҳам чегара очилди

Жиззахда ҳам чегара очилди Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти ўртасидаги “Қўшқанд” ва “Учтўрғон” чегара назорат ўтказув пунктларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларининг давлат байроқлари билан безатилган ўтказув пунктидаги тантанали тадбирда ҳар иккала томондан вилоят ҳокимликлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари, чегара ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирок этди. 

8.JPG

Карнай-сурнай садолари остида “Қўшқанд” чегара назорат ўтказув пунктидаги тўсиқ очилиб, қўшни Тожикистон делегацияси Ўзбекистон ҳудудига кириб келди. Меҳмонлар ўзбекона меҳмоннавозлик, нон-туз билан кутиб олинди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг саъй-ҳаракати билан тарихи, кечмиши, тақдири бир бўлган икки халқ ўртасидаги сунъий тўсиқларнинг олиб ташланиши Ҳазрат Мир Алишер Навоий ва мавлоно Абдураҳмон Жомий асарларида тараннум этилган буюк дўстлик абадий эканлигининг амалий исботи бўлганлиги таъкидланди. Бу дўстлик иккала мамлакатнинг ҳам ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилиши эътироф этилди. 

9.JPG

– Ўзбек ва тожик халқлари бир-бири билан азалдан қондош, қадрдон, қуда-анда бўлиб келган, – дейди Янгиобод туманидаги “Баландчақир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Бегматов. –Бизлар икки тилда гаплашувчи бир халқмиз. Бизнинг тўйимиз, маъракамиз бир-биримизсиз ўтмаган. Ўтказиш масканларининг очилиши бу азалий яқинлигимиз, борди-келдимиз яна бардавом бўлишига хизмат қилади.

Меҳмон ва мезбонлар тўкин дастурхон атрофида дилдан суҳбатлашишди. Саҳнада ўзбек ва тожик куй-қўшиқлари, жозибали рақслар ижро этилди.

Ўзбекистонликлар ҳам Суғд вилоятининг Истаравшон шаҳридаги чегара назорат ўтказув пунктида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Бу ерда ҳам тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ўзбек ва тожик санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар байрамга ўзгача файз бағишлади. Икки халқ вакиллари биргаликда рақсга тушиб, бир пиёла чой устида дийдорлашди. 

12.JPG

– Шу кунларга етказганига Аллоҳга шукр, – дейди Яккабоғ қишлоғида истиқомат қилувчи 96 ёшли отахон Акмалхон Қутбиддинов. – Икки халқ азалий оға-инилиги, дўстлиги, қуда-андачилиги яна давом этаяпти. Ўзбекистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Қадимдан тожиклар Ўзбекистон бозорларида, ўзбеклар Ўратепа бозорида бемалол савдо-сотиқ қилган. Бугун мана катта шодиёна, улуғ иш бўлди. Халқларини ўйлаган давлатларимиз раҳбарларига катта раҳмат.

– Йўллар очилганидан ниҳоятда қувондим, – дея суҳбатимизга қўшилди истаравшонлик ўқитувчи Мавлуда Ҳамдамова. – Укам Бекобод шаҳрида яшайди, овсиним тўрт қизини ҳам Ўзбекистонга – Янгиер ва Бекобод шаҳарларига узатган. Қариндошларимизникига бориб-келишга қийналаётган эдик. Мана энди, эмин-эркин уларникига бориш бахтига муяссар бўлдик. Бирорта тўй-маъракага бориш учун ҳам виза оламиз, деб 15 кун сарсон бўлардик. Худога шукр, бундай оворагарчилик ва расмиятчиликларга чек қўйилди. Халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмондан беҳад миннатдор.

Шу куни Янгиобод туманидаги Қўшқанд қишлоғини Тожикистоннинг Зафаробод тумани билан боғлаб турувчи “Учтўрғон” чегара назорат ўтказиш пункти ҳам очилди.

– Меҳр кўзда деб бежизга айтишмайди, – дейди шу куни қариндошлари билан дийдорлашган Тожикистоннинг Зафаробод туманида яшовчи Абдуманнон Қобилов. – Қардошлик ришталари яна давом этаётганидан жудаям хурсандман. Ўзим Янгиобод туманидаги Чаканд қишлоғида туғилганман. Тақдир тақозоси билан Тожикистонда яшамоқдаман. Тўрт нафар фарзандим бор. Қариндошларимникига тўй-маъракаларга боришга қийналиб қолган эдик. Менинг 300 дан зиёд қариндошим Ўзбекистонда. Энди йўллар очилиб, бемалол дийдорлашадиган бўлдик. Бунинг учун хар икки давлатнинг халқпарвар раҳбарларига катта раҳмат.

Сарҳадлардаги маросим катта байрамга айланди. Азалдан қон-қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган ўзбек ва тожик халқи ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари қайта тикланиши шоду хуррамлик билан нишонланди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
13 198