Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.02.2018 15:04 Чоп этиш версияси

Жиззахда корхона-ташкилот ва жамоат жойларига 2 мингга яқин кузатув камералари ўрнатилди

Жиззахда корхона-ташкилот ва жамоат жойларига 2 мингга яқин кузатув камералари ўрнатилди
Мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли энди чорраҳалар, стадионлар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш муассасалари, бозорлар, масжидлар, йўл-патруль хизмати масканлари, савдо, овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўп қаватли уйлар кузатув камералари орқали назоратга олинмоқда. Замонавий ахборот технологияларини кундалик ҳаётимизга жорий этишда қўлланилаётган ушбу янги усул фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ўғрилик, безорилик каби жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни тезкорлик билан фош қилишда муҳим омил бўлаётир.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари навбатчилик қисмларида Wi-Fi тизими орқали корхона-ташкилот ва муассасалар, савдо ва овқатланиш шохобчаларидаги кузатув камераларига уланиш ва тасвирларни кўриш имконини бермоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу камералар орқали 500 метр масофадаги воқеаларни кузатиш мумкин. Рақамли ускуналар кундузи 300-400, кечаси 200 метр узоқликдаги фуқаронинг шахсини аниқлаш имконини беради. Табиийки, камера борлигини сезган фуқаро қонунга зид хатти-ҳаракатлардан тийилади. Шунингдек, кузатувнинг бу усули жиноятларни тез очишга хизмат қилмоқда.

4.JPG

Масалан, Жиззах шаҳрида жойлашган “Зебо” савдо марказидаги шохобчалардан бирида содир этилган ўғрилик кузатув камераси ёрдамида “изи совумасдан” фош этилди. Эшикни бузиб кириб, шохобчадан 12 дона уяли телефон, битта ноутбук ва 800 минг сўм пулни олиб чиқиб кетган шахс кузатув камерасидаги тасвир орқали шу куниёқ қўлга олинди.

– 2017 йилда вилоятимиздаги иншоотлар 2016 йилда ўрнатилганига нисбатан икки баробар кўп кузатув камералари билан жиҳозланди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармасининг ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотларни ҳимоялаш бўлими бошлиғи Низом Ёқубхонов. – “Хавфсиз шаҳар” концепциясини амалга оширишда ахборот технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йилда ўтган йилгидан икки баробар кўп, яъни 5 минг 114 кузатув камераси ўрнатиш режалаштирилган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси интернетда ўз сайтини очиб, бошқарма фаолияти, юз бераётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, йўқолган ва қидирувдаги шахслар ҳақида доимий маълумот бериб боришни йўлга қўйиш бўйича ҳам иш олиб бораётир.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
7 838