ЎзА Ўзбек

02.07.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Жисмоний ва маънавий салоҳиятни юксалтириш йўлида

Жисмоний ва маънавий салоҳиятни юксалтириш йўлида
Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги юксак даражада бўлиши, хизматни юқори савияда ўташи учун барча шароитлар яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз ҳарбий салоҳияти юксалиб, замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғ билан таъминланган, бугунги кун талабларига тўла жавоб бера оладиган миллий армиямиз шаклланди. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги юксак даражада бўлиши, хизматни юқори савияда ўташи учун барча шароитлар яратилди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда бўлиб, янги Мудофаа доктринаси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди ва шу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада юксалтириш бўйича топшириқлар берди. Ўтган қисқа вақтда мазкур ҳарбий қисмда ана шу топшириқлар асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳарбий қисмда қатор таркибий-ташкилий ўзгаришлар рўй берди. Жанговар тайёргарлик бўйича ўқув машғулотлари ўтказиладиган махсус хоналарга махсус жиҳоз ва ускуналар ўрнатилди, озиқ-овқат таъминоти бўйича аутсорсинг тизими жорий қилинди, ўқув бинолари, машғулот майдонлари, ётоқхона, спорт зали ва майдонлари таъмирдан чиқарилди. 

– Айниқса, ҳарбий хизматчиларда маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, уларнинг маънавий, профессионал ва сиёсий билимини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ҳарбий қисм командири ўринбосари, капитан Ф.Санаев. – Хусусан, аскарлар бўш вақтида ҳарбий қисмда ташкил этилган ахборот-кутубхона марказида китоб ўқиб, билимини оширмоқда, дунёқарашини кенгайтирмоқда. 

Спорт мусобақалари аскарларнинг жисмонан бақувват бўлишига хизмат қилаётган бўлса, зиёлилар, шоир-ёзувчилар, уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, очиқ мулоқотлар уларда ватанпарварлик ва бурчга садоқат туйғуларини мустаҳкамламоқда, мард ва жасур аждодларимизга муносиб издош бўлишга ундамоқда.

Ҳарбий оиласидан кўнгли тўқ бўлса, фарзандлари тинч бўлса, хизмат вазифасини юксак даражада адо этади. Шу маънода, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари яшаш шароитини янада яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ҳарбийлар оилалари яшаётган уйлардаги коммунал тизимлар билан боғлиқ муаммолар тўла бартараф этилди. 

Ф.Убайдуллаев, ЎзА
8 196