ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Жиноят ва жазо

Жиноят ва жазо

Бугун дунё давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам халқаро миқёсдаги миграцион жараёнлардан четда қолаётгани йўқ. Бунинг натижасида кўплаб ёшларимиз ўқиш ёки ишлаш мақсадида хорижий давлатларга боришмоқда.

Афсуски, ўзга юртда ота-она назоратисиз қолаётган ёшларнинг баъзилари диний экстремистик ёки террористик ташкилотлар таъсирига тушиб, ўз келажакларини барбод қилаётганлари ҳам айни ҳақиқат.

1994 йил Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилган Шерзод Анваров ҳам ана шундай адашганлардан бири.

Аниқланишича, Шерзод Анваров 2016 йилнинг март ойида ишлаш учун Россия Федерациясига боради ва у ерда ижтимоий тармоқлар орқали бир нечта аккаунт эгалари билан, хусусан, “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти аъзоси бўлган Нусратулло исмли шахс билан танишади. Натижада Нусратулло тарғиб қилган, соф ислом динига зид бўлган ақидапарастлик ғоялари унинг онгу шуурини заҳарлайди.

2016 йилнинг октябрь ойида Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтиб келганидан кейин ҳам у Нусратулло билан мунтазам алоқа қилиб, тегишли кўрсатмалар олиб туради.

2017 йилнинг апрель ойида Шерзод Анваров “Тошкент – Истанбул” авиарейси орқали Туркияга боради.

Туркияда у “Телеграм” тармоғи орқали Нусратулло билан боғланади. Нусратулло эса унга қирғизистонлик Абдулло исмли шахснинг Истанбул шаҳри Яникапий мавзесидаги уйига бориши лозимлигини айтади ва Шерзод ўша хонадонга боради. Абдулло эса уни Эрон орқали Афғонистонга юбориш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.

2017 йилнинг май ойида Теҳрон шаҳрига борганида Ш.Анваровни Омонулло исмли шахс кутиб олади ва унга Муҳаммад Анвар Набий исм-шарфи билан сохта ҳужжат тайёрланишини, Афғонистонга кетиш вақтида ўзини соқов қилиб кўрсатиб, ҳеч ким билан гаплашмасдан кетишини тайинлайди.

Бир гуруҳ қочоқлар билан бирга Шерзод Анваров гўё афғон фуқароси сифатида Афғонистонга ўтганида, уларни “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилотининг Шимолий Хуросондаги амирлари кутиб олади.

Таъкидлаш лозимки, Шерзод Анваров “Ислом Давлати - Хуросон вилояти” террористик гуруҳи жангарилари сафида қуролли ҳаракатларда қатнашиб, қўли қонга ботади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Афғонистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борган сайъ-ҳаракатлари туфайли Шерзод Анваровнинг қабиҳ ишларига чек қўйилди ва 2018 йилнинг ноябрь ойида у Ўзбекистонга қайтарилди.

Эндигина 25 ёшни қаршилаган Шерзод Анваровнинг қилмиши Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида атрофлича кўриб чиқилди ва Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, у 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Шерзод Анваров каби ёшларимизнинг интернет тармоғи орқали экстремистик оқимлар ёки террористик ташкилотлар таъсирига тушиб қолиб, тинч-осойишта ватанни ташлаб, ота-она бағрини ҳувуллатиб, уруш ўчоқларига боришлари ва аччиқ қисматга гирифтор бўлишлари, умид қиламизки бошқаларга сабоқ бўлади.

1 847
ЎзА