Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 12:43 Чоп этиш версияси

Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар камаймоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиб келинаётган профилактика куни тадбирлари Сирдарё вилоятида ҳам жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Мирзаобод туманидаги 17 маҳалла, 3 касб-ҳунар коллежи, 31 умумтаълим мактабида ўтказилган навбатдаги профилактика тадбирларида хорижга ноқонуний чиқишнинг оқибатлари, аҳоли, айниқса, ёшларни турли экстремистик оқимлар ва миллийлигимизга ёт ғоялар таъсиридан асраш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг келиб чиқиши ва уларнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ўқувчилар давомати каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Профилактика тадбирларида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, педагоглар, ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. 30 нафар муқаддам судланган, 4 нафар диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар билан суҳбат ўтказилди.

– Профилактика тадбирлари доирасида маҳаллалар, ташкилот-корхоналар, ўқув муассасаларида ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатлари яхши самара бераётир, – дейди Мирзаобод тумани ички ишлар бўлими инспектори О.Рустамов. – Хусусан, умумтаълим мактаблари, касб-хунар коллежларида ўтказилган “Давомат” тадбирида 4 ўқувчининг турли сабабларга кўра машғулотларга қатнашмаётгани аниқланди. Дарсларга сабабсиз келмаган ўқувчилар ўқишга қайтарилди ва уларнинг ота-оналарига нисбатан қонун доирасида чоралар кўрилди.

Тадбир давомида 17 маҳалладаги 350 хонадон ўрганилди. Доимий ва вақтинча яшаш тартибини бузган 2 фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Вақтинча ишсизлар, узоқ муддатга хорижга бориб қайтган фуқаролар, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар, нотинч оилалар билан суҳбатлар ўтказилди. Ов қуроли бўлган 24 шахснинг қуролини сақлаш ҳолати ўрганилди.

Профилактика тадбирлари доирасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида 57 суҳбат, учрашув ва тарғибот-тушунтириш тадбири ташкил этилди. Уларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитлар туман раҳбарлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокома қилинди. Тумандаги фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
1 078






Все о погоде - Pogoda.uz