ЎзА Ўзбек

05.02.2018 17:06 Чоп этиш версияси

Жавоҳирлар хазинаси 1000 йилдан сўнг ўзбек тилида чоп этилди

Ўзбекистон ҳудуди қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган. Аждодларимиз тафаккури маҳсули – қадимий ёзма манбалар халқимизнинг буюк маънавий бойлигидир. Тарихимиз, маданиятимиз ва буюк аждоларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар, айниқса, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида улғайтиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Маълумки, IX-XII ва XIV-XV асрлар Марказий Осиё минтақасида илмий маданий юксалиш даври – Шарқ ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Мазкур даврда айниқса, математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанлар ривожланди.

Бу даврнинг энг машҳур қомусий алломаси Абу Райҳон Берунийдир. Улуғ алломанинг 150 дан зиёд илмий ишидан бизгача фақат 30 дан ортиғи етиб келган. Аммо сақланиб қолган ушбу қўлёзмаларнинг тўлиқ бўлмаган намуналари ҳам аллома нақадар серқирра илмий мерос қолдирганидан дарак беради. Хусусан, Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назариясини ишлаб чиқди. Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни илгари сурди. Ер радиусини ҳисоблади. Унинг вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди. Колумб саёҳатидан 500 йил аввал Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлиги ҳақидаги қарашни илгари сурди. Минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини яратди. Геодезия фанига асос солди. Шунинг учун ҳам бутун дунё табиий фанлар тарихчилари томонидан XI аср “Беруний асри” деб номланиши бежиз эмас.

Улуғ алломанинг бизгача етиб келган “Минералогия” асарида 30 дан ортиқ қимматбаҳо тош ва минералларнинг номи, уларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, деярли барча қимматбаҳо тош ва турли маъданлар, уларнинг қотишмалари ҳақида илмий маълумотлар берилган. Бундан ташқари, Беруний минераллар ва маъданларнинг ўз давридаги нарх-навоси, баъзиларининг шифобахшлик хусусиятлари, нодир тош ва металлар билан боғлиқ айрим ирим-сиримлар, қизиқарли этнографик маълумотларни баён этганки, булар асарнинг муҳим тарихий манба сифатидаги аҳамиятини янада оширади.

“Минералогия”нинг асосий қиммати унда турли минераллар оғирлиги аниқлаб берилишидир. Берунийгача бундай иш ҳеч қачон амалга оширилмаган эди. Айниқса, аллома Архимед қонунига асосланган ҳолда бир қанча минераллар оғирлигини ниҳоятда аниқ ўлчаган. Ҳозирги кундаги энг замонавий ўта сезгир ускуналар ёрдамида аниқланган ўлчов билан олим ўлчовининг фарқи юздан бирга ҳам тўғри келмаганини соҳа мутахассислари қайд этмоқда.

Айни вақтга қадар Берунийнинг мазкур асари қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Бироқ ўзбек тилига ҳали ўгирилмаган эди. Бу тарихий жараён яқинда амалга оширилди. “Минералогия” Навоий кон-металлургия комбинати ташаббуси ва ҳомийлигида Навоий давлат кончилик институти ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик институти олимлари ҳамкорлиги билан минг йилдан сўнг ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилгани барча илм аҳли учун муҳим воқелик бўлди. Ер ости бойликларини тадқиқ қилишда муҳим аҳамиятга эга мазкур асар мамлакатимиз олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари, кутубхоналарга комбинат томонидан тарқатилди. Зеро, улуғ шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ёзганидек, Берунийнинг ақл машъали бугун ҳам ўз авлодларига йўлчи юлдуз бўлиб келмоқда.

Дарҳақиқат, кўҳна тарихнинг бир ҳақиқати бор. Қайси элда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурса, ўша жойда илм-фан тараққий топади. Мухтасар айтганда, тарихни пухта билмай, аждодларимизнинг оламшумул кашфиётларини чуқур ўрганмай, билим, маърифат ва юксак маънавиятга таянмасдан, бирор-бир соҳада янги марраларга эришиб бўлмайди.

Холмамат Раупов,
Навоий кон-металлургия комбинати
Маънавият ва маърифат маркази раҳбари,
тарих фанлари номзоди.

ЎзА
12 178