Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 15:18 Чоп этиш версияси

Жанубий Кореялик шифокорлар Бухорода

Жанубий Кореялик шифокорлар Бухорода Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида Жанубий Кореянинг “Vision Carе” халқаро ташкилоти офтальмолог-шифокорлари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди соҳага оид давлат дастурлари ижроси доирасида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Масалан, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Жанубий Кореянинг “Save the Children” халқаро фонди ва бошқа муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилиши натижасида туғма юрак нуқсони, қўл-оёқ бўғимлари, тери куйиш асоратлари ва бошқа хасталиклар билан оғриган бир гуруҳ болалар бепул соғломлаштирилди.

“Daewoo International” корпорацияси ҳомийлигида “Vision Care” халқаро ташкилотининг бир гуруҳ шифокорлари Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, Бухоро ва Навоий вилоятлари аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Мурожаат қилганларнинг қарийб 100 нафарида катаракта бартараф этилиб, кўз гавҳари алмаштирилди.

– Ташкилотимиз Ўзбекистонда баҳор ва куз фаслида бир неча кун давомида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда, – дейди Жанубий кореялик кўз шифокори Хан Жангмо. – Юртингизда кўп нарса эътиборимизни тортди. Тиббиёт муассасалари замонавийлиги, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлангани мамлакатингизда соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганини тасдиқлаб турибди. Тиббий кўрик ва операцияларда кўмаклашган ўзбекистонлик малакали офтальмолог-шифокорлар билан ҳамкорликда ишлаш ёқимли бўлди.

– Бир кўзим хиралашиб қолгач, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига мурожаат қилдим, – дейди Олот тумани Оқпўлат қишлоғидан 67 ёшли Шароф Ибодов. – Шифокорлар операция қилиш зарурлигини, яқин кунларда Бухоро шаҳрига келадиган Жанубий кореялик мутахассисларга учрашишни айтди. Улар тавсияси билан хорижлик шифокорлар ҳузурига келдим. Жарроҳлик амалиёти яхши ўтди. Мана, кўзим ёшлигимдаги каби тиниқ-равшан кўра бошлади.

Акция доирасида чуқурлаштирилган офтальмологик текширувлардан ўтган беморлар дори-дармон, махсус кўзойнаклар билан бепул таъминланди. Уларга кўз хасталикларининг олдини олиш юзасидан тегишли маслаҳатлар берилди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
671






Все о погоде - Pogoda.uz