ЎзА Ўзбек

02.02.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Жанубий кореялик ишбилармонлар Самарқандда. Меҳмонлар хорижий инвесторларга яратилган қулайликлар билан таништирилди

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Жанубий кореялик ишбилармонлар Самарқандда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари ҳамда тадбиркорлар билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Жанубий Кореяга давлат ташрифидан сўнг бу алоқалар янги сифат босқичига кўтарилди. Кореялик ишбилармонларнинг юртимизга мазкур ташрифи ҳам давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни амалга ошириш борасидаги амалий ҳаракатлардир.

Меҳмонлар Самарқанд вилоятининг иқтисодиёти, ишлаб чиқариш ва инвестициявий имкониятлари, хорижий инвесторларга яратилган қулайликлар билан таништирилди. Тадбиркорлар ўз фаолият йўналиши ва уни кенгайтириш юзасидан олиб бораётган ишлари ҳақида маълумот берди.

– Президент Шавкат Мирзиёев Кореяга ташрифи чоғида Ўзбекистонда хорижлик ишбилармонлар учун яратилган имконият ва қулайликлар, инвестиция киритиш шартларига алоҳида тўталган эди, – дейди кореялик тадбиркор Ли Су Сунг. – Юртингизга сафаримиз давомида бунга ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Самарқандга келишимиздан аввал Хива ва Бухоро шаҳарларида бўлдик. Тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан яқиндан танишиб, айниқса, туризм бўйича жуда катта имкониятлар борлигига амин бўлдик. Ушбу йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.

Жанубий Кореядаги ип-калава ва текстиль, пластик ва чиқиндини қайта ишлаш, ойналар, энергия тежамкор лампалар, компьютерлашган тизимдаги томчилатиб суғориладиган иссиқхоналар, ветеринария препаратлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи, қайта ишловчи ва қадоқловчи, оловга чидамли қурилиш материаллари, смартфонлар учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқарувчи ва бошқа 20 дан ортиқ корхона вакиллари самарқандлик тадбиркорлар билан ушбу йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
12 352