Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 18:57 Чоп этиш версияси

Жаннатмонанд юртнинг бахтли қизиман

Жиззахда 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган байрам тадбири шундай номланди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва Жиззах политехника институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари, талаба-қизлар иштирок этди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Тўраева, Жиззах политехника институти ректори А.Усмонқулов ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли улар ҳаётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият юритиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Жиззах политехника институтида 800 га яқин хотин-қиз бўлим ва факультетларда тузилган тўртта бошланғич ташкилот таркибида ижтимоий, маданий-маърифий, сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиб келаётир. Уларнинг 579 нафари талаба қизлардир.

Тадбир доирасида спорт, чеварлик, пазандалик, орасталик, рақс, қўшиқ ижрочилиги, оналар учун байрам совғаси тайёрлаш бўйича талаба-қизлар ўртасида кўрик-танлов ташкил этилди.

Иштирокчилар миллий қадриятларимизни нечоғли билиши, спортда эришган натижалари, замонавий дизайнда ўзлари тайёрлаган миллий либослар намуналари, талабалар учун тавсия этилган соч турмаклаш усуллари, байрам учун гулдаста ва совғалар тайёрлаш, миллий таомлар пазандалиги, оналар учун байрам совғалари тайёрлаш маҳоратини намойиш этди. Ҳар бир шарт ўртасида талаба-қизлар томонидан тайёрланган мусиқали дастурлар тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

– Талаба-қизларнинг етук мутахассис бўлиши билан бирга, уларни одобли, ҳаёли қилиб тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Жиззах политехника институти хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Б.Турсунова. – Ушбу байрам тадбирини ўтказишдан кўзлаган мақсад ҳам талаба-қизлар ўртасида миллий қадриятларимиз, талабаларга хос кийиниш, орасталик, пазандаликни тарғиб қилиш, уларда оилага, онага меҳрни кучайтириш эди. Ёшларнинг катта қизиқиш билан иштирок этгани ушбу маданий-маърифий тадбир амалий аҳамиятга эга эканини кўрсатди.

Тадбирда фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 708






Все о погоде - Pogoda.uz