Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2017 18:37 Чоп этиш версияси

Жамоатчилик нотариуслар фаолиятини баҳолади

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида нотариал идоралар фаолиятини автоматлаштириш, барча нотариал битимлар ҳисобини марказлашган ҳолда юритиш ва идоралараро электрон ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда, аҳоли ва тадбиркорларга нотариат соҳасида интерактив давлат хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Мазкур чора-тадбирлар ҳаётийлигини таъминлаш, соҳадаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан жорий йилнинг 12-17 июнь кунлари кенг жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 1 минг 104 фуқаро иштирок этди.

Пойтахтимизда мазкур жамоатчилик фикри сўрови якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари, нотариуслар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А.Усмонов, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори А.Бурҳонов ва бошқалар мамлакатимизда жамоатчилик назорати механизмларининг амалиётга фаол татбиқ этилаётгани давлат хизмати тизимини такомиллаштириш, давлат хизматчилари профеcсионал фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

Жамоатчилик сўрови аҳоли ўртасида нотариал хизматларга бўлган талаб юқори эканини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг ҳар учинчиси сўнгги бир ойда нотариусларга мурожаат қилгани, ҳар тўртинчи респондент охирги уч ойда мазкур турдаги давлат хизматидан фойдалангани шундан далолат бермоқда.

Сўровда иштирок этганлар нотариал идоралардаги ортиқча вақт ва маблағ йўқотишлар, ходимлар сонининг камлиги, нотариусларнинг муомала маданияти ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш малакаси пастлигини тизимдаги асосий муаммолар сифатида кўрсатган.

Таҳлиллар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ишларни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда нотариал идоралар ахборот бурчакларида кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган давлат божлари миқдори аниқ кўрсатилганига қарамай, сўровда фуқароларнинг учтадан биттаси нотариал идоралар томонидан хизмат кўрсатиш тартиб-таомилларини, нотариал хизматлар учун олинадиган давлат божи миқдорларини билмаслиги маълум бўлган.

Анжуманда нотариуслар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, 2018 йил 1 январдан бошлаб нодавлат нотариуслар фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг қарийб ярми турли ҳужжатларни тасдиқлаш билан боғлиқлиги инобатга олиниб, мажбурий тасдиқдан ўтказилиши лозим бўлган ҳужжатлар сонини қисқартириш бўйича иш олиб борилмоқда.

Соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш юридик хизматлар сифати ва тезлигини оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу борада биргина кўчмас мулк билан боғлиқ амалиётларни амалга ошириш чоғида тақиқларни текшириш бўйича электрон базанинг шакллантирилгани фуқароларга, тадбиркорлик субъектларига, қолаверса, нотариуслар учун ҳам қулайлик яратмоқда.

Фуқароларнинг нотариуслар қабулига электрон тартибда ёзилишини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Тизим ишга тушиши натижасида мурожаат этувчиларнинг нотариал идоралар олдида навбат кутишига барҳам берилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тизимдаги нопок ходимларни аниқлаш бўйича ҳам изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган рейдлар натижасида 67 ходимга турли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилган. Жумладан, нотариал идораларнинг 5 ходими ишдан бўшатилган, 27 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
3 820






Все о погоде - Pogoda.uz