Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 19:00 Чоп этиш версияси

Жамоатчи инспекторлар табиатни муҳофазалайди

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида экологик назорат жамоатчи инспекторлари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбирда давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, олимлар, экспертлар, журналистлар иштирок этди.

Мамлакатимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида мукаммал ҳуқуқий асослар яратилган. 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган «Экологик назорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур қонунга мувофиқ табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида давлат, идоравий, ишлаб чиқариш назорати билан бир қаторда жамоатчилик назорати ҳам йўлга қўйилди.

Қонунчилигимизга биноан жамоатчилик асосида фаолият юритадиган экология инспекторлигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тавсия этилади. Бундай мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида махсус ўқув-услубий марказ ташкил этилди. сч

– Экологик муаммоларни бартараф этиш, уларнинг табиий мувозанатга ва инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юкламоқда, – дейди Юнусобод тумани «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳром Муҳаммедов. – Маҳаллада жамоатчи экология инспектори фаолият юритиши бу борада олдимизда турган долзарб вазифаларни амалга ошириш, хусусан, ҳудудларнинг экологик мусаффолигини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, табиат бойликларини тежаш, ўсиб келаётган ёш авлодни эзгу қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Семинарда жамоат экологик назоратининг ҳуқуқий асослари, табиатни муҳофазалашда жамоатчи инспекторларнинг ўрни, атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида амалга оширилаётган лойиҳаларга оид маърузалар тингланди. Экологик назорат соҳасида малака оширган бир гуруҳ жамоатчи инспекторларга гувоҳномалар топширилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
1 114






Все о погоде - Pogoda.uz