Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.12.2017 15:22 Чоп этиш версияси

Жамиятимизнинг тўлақонли аъзолари

Бағрикенглик, меҳр-мурувват кўрсатиш, эҳтиёжмандга кўмак бериш азалий удумимиз. Аждодлардан ўтиб келаётган бу анъаналар аҳоли ва ёшларни саховатга ундаб, эзгу ва хайрли ишларга кенг йўл очмоқда.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган юздан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилиши бунга ёрқин мисолдир. 1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни МДҲда биринчилар қаторида қабул қилинган эди. Кейинчалик мазкур қонун қайта ишлаб чиқилиб, 2008 йил 11 июль куни янги таҳрирда қабул қилинган.

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказиб келинаётган тадбирлардан кўзланган мақсад, аввало, ногиронларнинг жамиятдаги ўрни ва уларга нисбатан соғлом қарашни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий, моддий ва маънавий кўмак беришдир. Қолаверса, ногиронлик муаммоларини ҳал қилиш бўйича юртимизда яратилган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор нафақат давлат органларига, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ҳар бир фуқарога мақсадли вазифалар масъулиятини юклайди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кенг кўламли ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 18 ноябрдаги мажлиси баёнига асосан жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар “Меҳр-мурувват ойлиги” деб эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасида ногиронлар ҳаёт тарзини яхшилаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига ҳар жиҳатдан кўмак бериш, соғлиғига нисбатан эътиборни кучайтириш, уларни саломатлиги учун зарур бўлган техника анжомлари билан таъминлаш, ижтимой қўллаб-қувватлашга қаратилган оммавий-маданий ва хайрия тадбирларини ташкил этиш, бу ишлар ижросида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Меҳр-мурувват ойлигини самарали ўтказиш мақсадида республика ишчи гуруҳи тузилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ёшлар иттифоқи, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти ва бошқа қатор ташкилотларнинг фаол иштирок этиши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, тегишли вазирлик, идора, ташкилотлар ҳамкорлигида Саховат, Мурувват уйларида, санаторийларда, реабилитация марказларида байрам тадбирлари бўлиб ўтади. Жорий йилнинг 25 декабрига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида камида 200-250 нафардан, жами 3 минг нафар ногирон бепул тиббий, лаборатор-функционал диагностикадан ўтказилади. Улар тиббий хулосалар асосида даволанади, заруратга қараб жарроҳлик амалиётидан ўтказилади. Бундан ташқари, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига қулай кириб чиқиши учун махсус йўлакчалар, тутқичлар ва мосламалар ўрнатиш чораларини амалга ошириш режалаштиришган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда жаҳонда тахминан бир миллиард, жумладан, мамлакатимизда 600 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс турмуш кечиради. Бу эса уларнинг ҳаётда соғлом инсонлар қаторида жамиятимизнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий жабҳалардаги жараёнларда иштирокини таъминлаш масаласини ҳал этишни талаб этади. Мамлакатимизда фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон ногиронлар жамияти Президентимиз томонидан чиқарилаётган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга ўргатиш, ишга жойлаштириш, бундай шахслар учун қулай ва мақбул муҳитни яратиш, тиббий-ижтимоий ёрдам ва шу каби зарур йўл-йўриқлар кўрсатишда яқин кўмакчи бўлаётган ташкилот ҳисобланади. Унинг бугунги кунда 160 дан ортиқ бўлим ва бўлинмалари фаолият кўрсатмоқда.

– Меҳр-мурувват ойлиги доирасидаги ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида янада мустаҳкам ифодасини топди, – дейди Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси К.Абдуллаев. – Мазкур ҳужжат ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришда, уларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ҳамкор ташкилотлар билан ойлик доирасида пойтахтимиздаги “Осиё гранд” тўйхонасида 800 ногиронга байрам дастурхони уюштирилди. Жамиятимизнинг ҳудудий бўлим ва бўлинмаларининг ҳар бирида 200 дан 300 гача ногирон учун шундай тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жамият Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа қатор ташкилотлар билан вилоятларда ногиронлиги бор бўлган ёш оналар ва қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича келишув битими тузди. Бундан ташқари, ана шу каби хайрли ишлар давомида қарийб 12 минг 700 фуқаро протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланади. Жумладан, улар учун 2 минг 515 протез-ортопедия маҳсулоти, 5 минг 270 та ногиронлик аравачаси, 1 мингдан зиёд эшитиш мосламаси, 2 минг 265 ҳасса ва 1 минг 600 дан ортиқ жуфт қўлтиқтаёқ бепул етказиб берилади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда Меҳр-мурувват ойлиги доирасидаги тадбирлар кенг миқёсда ўтказилмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
9 023