ЎзА Ўзбек

22.06.2018 17:20 Чоп этиш версияси

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб, нимага эришамиз?

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб, нимага эришамиз?
Ўзбекистон яқин йилларда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши кутилмоқда. Миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган қишлоқ хўжалиги учун ҳам бу ташкилотга аъзо бўлишнинг ижобий ҳамда салбий томонларини чуқур ўрганиш, бу борада мамлакатимизнинг аниқ позициясини белгилаб олиш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. 

Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А. Эргашев пойтахтимизда ўтказилган “Жаҳон савдо ташкилотига киришда қишлоқ хўжалигининг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида халқаро семинарда айтиб ўтди.

Жаҳон банки ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш имкониятлари юзасидан музокарлар олиб борилди.

Қайд этиш жоизки, 1995 йил 1 январидан фаолиятини бошлаган бу ташкилотнинг айни вақтда 164 та аъзо мамлакати учун янги бозорлар очиқ ҳисобланади. 10 дан зиёд турли йўналишдаги битимлар унинг норматив-ҳуқуқий базасини ташкил этмоқда. Бу ҳужжатлар талабини бажариш ташкилотнинг барча аъзолари учун мажбурий саналади. Аъзо бўлишни истаган давлатлар ўз миллий қонунчилигини уларга мувофиқлаштириши керак.

– Аъзо давлатларнинг савдо сиёсати Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидаларига мос бўлиши шарт, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили М. Қосимов.– Унга аъзо бўлиш ушбу давлатнинг тартиблари савдо сиёсати ва савдо режимига мос эканлигини билдирувчи белги ҳисобланади. Шунинг учун номзод давлатнинг савдо тартиби ташкилот қоидаларига тўлиқ мос экани барча аъзо мамлакатлар томонидан маъқуллаганидан сўнг тегишли қарор қабул қилинади.

Ҳақ-ҳуқуқ чекланмаган савдо, энг юқори даражадаги қулай тартиб, миллий тартибот, очиқлик, бозорга кириш учун олдиндан маълум шароит, ҳалол рақобат, иқтисодий ислоҳотларни ривожлантиришга кўмак, савдога дахлдор расмиятчилик даражасининг пастлиги кабилар ЖСТнинг асосий тамойиллари ҳисобланади.

Хўш, айни вақтда Ўзбекистон учун Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишнинг қандай афзалликлари мавжуд?

“Жаҳон савдо ташкилотига киришда қишлоқ хўжалигининг ўзига хос жиҳатлари” мавзусидаги халқаро семинарда айтилишича, ташкилотнинг 164 аъзо мамлакати учун янги бозорлар очиқ бўлади. Инвестициянинг барқарорлиги таъминланади. Янги сармоялар асосида қўшимча иш ўринлари яратилади. Рақобат муҳити ҳам яхшиланади, бу борадаги глобал шароитлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда хизматларни етказиб берувчиларга маҳсулот сифатини кўтариш ҳамда дунё бозорида рақобатлашишни ўрганишга ёрдам беради.

Истеъмолчилар арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматларни танлаш имконига эга бўлади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқи ҳимояланади. Савдо ҳамкорлари қабул қилинган халқаро стандартлар қоидаларига мувофиқ миллий стандартларни ишлаб чиқиш экспортёрларга чет эл бозори талабларига мослашишда ёрдам беради. Жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи берилади, яъни ташкилот йиғилишида иштирок этадиган ҳар бир давлат ўз овозига эга бўлади.

ЎзА
4 491