Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2018 19:36 Чоп этиш версияси

Жўрабек Муродов: "Ўзбек бизнинг биродар, тожик ўзбекнинг биродаридир"

Жўрабек Муродов: "Ўзбек бизнинг биродар, тожик ўзбекнинг биродаридир"
Абадий дўстлик

Баҳорнинг биринчи кунида таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов тожик ва ўзбек халқларининг севимли санъаткори, мумтоз қўшиқчиликнинг катта билимдони, Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов билан суҳбатлашди. Қуйида мусоҳаба матни келтирилмоқда:

image4.jpeg– Аввало, Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари дўстлигининг илдизлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Биз қадимдан икки тилда сўзлашувчи бир халқ бўлганмиз. Тақдиримизни Яратганнинг ўзи пайвандлаган. Қолаверса, икки буюк аллома Навоий ва Жомий ҳазратлари ўзбек-тожик дўстлиги пойдеворини олтин ғиштлар билан мустаҳкамлаган. Бугун биз, авлодлар улар қурган дўстлик иморатини янада юксалтиришимиз лозим.

– Муайян йиллар мобайнида икки давлат ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий алоқаларнинг сусайиши қандай натижаларга олиб келди?

– Наинки иқтисодий-ижтимоий, балки санъат соҳасидаги алоқалар ҳам сусайди. Мустақил бўлдик, деб ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Афсуски, дастлабки йилларда ўзимиз билан овора бўлиб қолдик. Наинки Тожикистон – Ўзбекистон, балки Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон билан муносабатлар ҳам сусайди. Шукрки, фаровонлик, тинчлик учун бирдамлик кераклигини тушуниб етдик. Шунинг учун ҳозир ҳавас қилса арзийдиган ишлар бўляпти. Борди-келди тикланди. Ижтимоий алоқаларимиз яхшиланяпти. Иқтисодий ҳамкорлик суръат оляпти. Икки давлатнинг 40 миллион халқи хурсанд бўляпти, дуо қиляпти.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида фаолияти ҳақида нима дея оласиз?

– Шавкат ака икки буюк устознинг – Шароф Рашидов ва Ислом Каримовнинг олижаноб шогирди. Қаранг, шогирд устозларнинг хотирасига қандай ҳурмат бажо келтиряпти. Буни бутун дунё кузатиб, ҳавас қиляпти. Ишончим комилки, Шавкат акага Яратганнинг ўзи мададкор бўлади.

Мен кўп раҳбарларни кўрганман, лекин халқига бунча яқин бўлиш, одамларнинг дилидагини билиш ҳамманинг ҳам қўлидан келган эмас. Тарихдан маълумки, бир давлат раҳбарининг баракали саъй-ҳаракатидан қўшниси ҳам наф кўради. Шавкат Мирзиёев туфайли Ўзбекистонга ёғилаётган нур ва барака Тожикистон халқининг қалб чироғини ҳам нурафшон этяпти. Эртанги кунга ишонч ва ғайрат уйғотди. Шавкат Миромоновичга кўз тегмасин.

– Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифидан шахсан сиз нима кутяпсиз?

– 25 йилдан буён борди-келди бўлсин, деб дуо қиламан. Кутилаётган сафар наинки мен, ишонаманки, икки қардош юртнинг 40 миллион аҳолисини хурсанд қилади. Халқларимиз Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев учрашадиган тарихий кунни интиқлик билан кутяпти.

– Ўзбекистонлик санъаткорлар билан алоқаларингиздан кўнглингиз тўладими?

– 20 йилдан буён ижодий сафарлар бўлмаётган эди. Кўпчилик орамиздан кетди, биз, санъаткорлар бир-биримиздан узоқлашиб қолдик. Шукрки, энди ҳижрон даври тугади. Висол кунлари бошланди. Биз, санъаткорлар ака-укамиз. Ўзбекистон санъаткорлари билан 50-55 йилдан буён бирга ишлайман, бир-биримизни яхши биламиз. Бир-биримизга шогирд, бир-биримизга устозмиз. Тожикистонда Комилжон Отаниёзов, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова ва яна ўнлаб атоқли санъаткорларнинг шогирдлари, издошлари. Улар бу устозлар билан ҳамиша фахрланади. Халқимиз уларни жуда-жуда соғинган. Иншоолло, ёш санъаткорлар мавжуд кемтикларни тўлатади, биргаликда ширин-шакар қўшиқлар яратади.

– Ўзбекистонда ҳам севимли бўлган ҳофиз Жўрабек Муродовнинг концертини мухлислар қачон кутса бўлади?

– Мен 20 йилдан буён бу кунни кутаман. Худо хоҳласа, биринчи концертни Тошкентдан бошламоқчиман. Кейин Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига, Фарғона водийсига бориш орзусидаман.

– Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

– 80-йилларда қуйидагиларни бекор айтмаган эдим:

Тожикистон ўғлидурман,

Ўзбегим гуфто писар.

Рост гўям ҳар каломе

Севгилимдир жон қадар.

Она деб айтсам бировин,

Биттаси менга падар.

Ҳамчу ду чашми сиёҳам

Икки халқ ҳам мўътабар.

Меҳру ёдаш дар вужудам

Порлаган шамсу қамар.

Ўзбек бизнинг биродар, тожик ўзбекнинг биродаридир. Ўзбекистонда миллионлаб тожиклар яшайди. Тожикистонда миллионлаб ўзбеклар яшайди. Айтганимдек, биз икки тилли бир халқмиз. Тожикистон халқига нимаики яхшиликни тиласам, Ўзбекистон халқига ҳам шуни тилайман.

Парвардигор, жуз ин сухан нагўям, ки Рўдаки гуфта:

Ҳазор сол бизи, сад ҳазор сол бизи.

(Рудакий айтганидек, ўзга дуо қилолмайман: минг йил яша, юз минг йил яша).

ЎзА
13 766