ЎзА Ўзбек

13.04.2018 20:24 Чоп этиш версияси

Жўрабек Ҳасанов: “Фестиваль мамлакатимизда амалга ошириладиган ўзгаришлар учун пиллапоя бўлади”

Жўрабек Ҳасанов: “Фестиваль мамлакатимизда амалга ошириладиган ўзгаришлар учун пиллапоя бўлади” Самарқанд. Шаҳарнинг бебаҳо майдони – Регистон. Ушбу маскан асрий тамаддундан сўзлаб, замонлар бўйи ўзида тарих ажойиботларини сақлаб келади. Унинг мисолида нафақат бетакрор тарихий обида, балки ранг-тасвир ва нақшларда инсон ички кечинмалари, комиллик синоати, ҳаёт фалсафасини уқиш мумкин.

Шердор мадрасаси қаршисида туриб, пештоқидаги шер тасвирига кўзингиз тушади. У гавҳари олам инсонга, олам узра нур таратаётган қуёш шуъласи эса илмга ишорадир. Зеро, қуёш атрофни ёритиб ҳаёт бахш этганидек, илм ҳам одам умрига зиё олиб киради. Бу ҳақиқатни англаган инсонлар эса бугун Мағрибу Машриқда бўлса-да, илм излаб, эл-юрт корига ярамоқ истайди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган “Ёш ватандошлар” халқаро фестивали кунларида Япониянинг “NEC” корпорацияси вакили, юртдошимиз Жўрабек Ҳасанов билан суҳбатимиз ҳам ёшларнинг илм олиши, мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар ва бу жараёнда баркамол авлод иштироки хусусида бўлди.

– Аввало, ўзингиз, Япониядаги меҳнат фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?


– Болалик йилларим Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида ўтган. Дастлабки таълимни ҳам маҳалламиздаги мактабда олдим. Самарқанд – тарихий шаҳар. Шу боис бўш вақтимда отам билан тарихий обидалар бўйлаб сайр қилишни хуш кўрардим. Шундай кунларнинг бирида япониялик сайёҳ билан бўлган суҳбатимиз келажакдаги мақсадларимни белгилаб олиш учун туртки бўлган.

Регистон майдонида сайр қилиб юрган сайёҳ эътиборимни тортди, тилмоч унинг меъмор эканини айтди. Самарқанднинг бетакрор обидалари, ўзига хос меъморий ечими сайёҳни Ўзбекистон сари етаклаган экан, у илмга меҳр қўйган инсон эди. Ўшанда Чинда бўлса-да, илм изланг, деган ҳадиснинг ҳаётдаги аксини кўргандим. Шунда таҳсилни Японияда давом эттириш истаги пайдо бўлди. Бу хоҳиш мени туризм йўналишига ихтисослашган коллеж сари етаклади. Ўқишни тамомлаб, Япониянинг Аояма Гакуин университетига ҳужжат топширдим ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтдим. Талабалик йилларим ўқиш ва изланишда ўтди. Шундан сўнг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида дунёга машҳур Япониянинг “NEC” корпорацияси эшиклари мен учун очилди. Ҳозир савдо бўлимининг Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари гуруҳида ишлаб келмоқдаман.

– Меҳнат фаолиятингизни “NEC” корпорациясидан бошлашга қарор қилишингизнинг аниқ сабаби борми?

– Ҳақиқатдан ҳам, бу тасодиф эмас. Корпорация 1899 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади ва ахборот технологиялари соҳасида бой тажрибага эга. Хорижий давлатларда 126 офисига эга ушбу компания мамлакатимизда илк лойиҳани 1992 йилда, Ўзбекистонда телевидение учун сунъий йўлдош ускуналарини ўрнатишдан бошлаган. Юртимизнинг телекоммуникациялар тармоғида оптик толали кабелларни жорий этиш ҳам айни шу ташкилот кўмагида амалга оширилди. Шунга қарамасдан, Ўзбекистонда ахборотлаштириш соҳасида қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Менда эса бу жараёнларга ўз ҳиссамни қўшиш имкони пайдо бўлди ва “NEC” корпорацияси таклифини қабул қилдим. Қайд этиш керак, бугун юртимизда рақамли телевидениега ўтиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бу ишлар Биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида рақамли телеузатишга техник ва технологик ўтиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида бошланган эди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги "Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида корпорациямиз кўмагида давом эттирилаётир.

Бугун юртимизда катта ўзгаришлар, янгиланишлар бўлмоқда. Давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида, “электрон ҳукумат”ни жорий этишда ягона давлат сиёсати юритилаётир. Бу эса жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, миллий коммуникация тизимини комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш имконини бераётир. Бу янгиликлар ҳақида корпорациямиз мутасаддиларини хабардор қилиб бораман ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга чақираман.

– “Ёш ватандошлар” фестивали иштирокчиси сифатида мазкур форумдан кутилаётган мақсадлар ҳақида нима дея оласиз?

– Глобаллашув шароитида ҳар бир давлат ўзининг ривожланиш тенденцияси, илғор тажрибасига эга. Ушбу давлатларда таълим олаётган ёки меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик ёшлар бунинг бевосита гувоҳи бўлмоқда. “Ёш ватандошлар” фестивалининг ташкил этилгани жаҳон тажрибасида кузатиладиган илғор ютуқ ва лойиҳаларни юртимиз иқтисодиёти, илм-фани ва туризм йўналишларига кенг жорий этиш, таклифларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини беради. Қолаверса, хорижда яшаётган ватандошларимиз юртимизнинг бой маданий мероси, халқимизнинг азалий қадриятларидан баҳраманд бўлишни, Ўзбекистондаги тенгдошларининг бугунги ҳаёти, уларга яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан хабардор бўлишни исташади. Шу маънода айтиш мумкинки, мазкур фестиваль ёшларнинг ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиши учун қулай платформа вазифасини ўтайди.

Фестиваль доирасида ташкил этилаётган мулоқот ва давра суҳбатларида ёшларнинг мамлакатимизда кечаётган янгиланишларга бефарқ эмаслигига гувоҳ бўляпман. Улар бугун жамият ҳаётининг у ёки бу соҳасини ислоҳ қилишга доир ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқда. Финляндиядан келган юртдошимиз Ўзбекистонда масофавий таълим тизимини яратиш, германиялик тенгдошим эса чет элларда яшаётган ўзбек оиласи фарзандлари учун электрон дарсликлар ва бадиий адабиётлар сотуви ҳамда етказиб бериш хизматини йўлга қўйиш борасидаги ташаббуси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг рағбатлантирилаётгани рақобатбардош, сифатли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга зарур шарт-шароит яратмоқда. Бу эса маркетинг соҳасини ҳам замон талаблари даражасида қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Учрашувда экспорт маҳсулотлари савдосини якка тартибда онлайн тарзда амалга оширишнинг аҳамияти ва фойдали томонлари ҳақидаги қарашларим билан ўртоқлашдим. Туризм соҳасида ўз хизматларини тақдим этишни мақсад қилган ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан ушбу ғояларни рўёбга чиқариш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдик.

Фестивалда 18 дан зиёд мамлакатдан келган 70 нафар ўзбекистонлик ёш ва юртимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 400 га яқин йигит-қиз иштирок этмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз ташаббус ва лойиҳаларига эга. Шундай экан, биз, ёшларни бирлаштирган фестиваль келгусида жамиятимиз ҳаёти, давлатимиз ривожи, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган ўзгаришлар учун пиллапоя вазифасини ўташига ишонаман.



Улуғбек Шоназаров
суҳбатлашди. 

ЎзА
7 247