Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 09:10 Чоп этиш версияси

Ўзбеклар матонатига бағишланган китоб-альбом нашр этилади

Ўзбеклар матонатига бағишланган китоб-альбом нашр этилади
Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбом нашр этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майда “Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. 

Ҳужжатда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ушбу тарихий воқеанинг 2020 йилда нишонланадиган 75 йиллигига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш назарда тутилган.

Мазкур китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Ташкилий қўмита республика ва хорижий мамлакатлардаги архив ва музейларда сақланаётган мавзуга оид тарихий ҳужжатларни тўплайди ва ўрганади. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтда қатнашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимиздан уларнинг хотираларини ёзиб олиш, шахсий альбом ва кутубхоналарида сақланаётган тарихий материалларни тўплаш ишларини олиб боради. Аҳолининг шахсий кутубхоналарида сақланаётган, тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, ўша даврга оид ноёб суратларни тўплаш ва нашрга тайёрлаш каби ташкилий ишларни бажаради. 

Ушбу китоб-альбомни нашр этишдан мақсад халқимизнинг 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини тарихий ҳужжатлар асосида кўрсатиш, фашизмга қарши жангларда қатнашган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, ёш авлодни мардлик, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашдир.

ЎзА
5 046