Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 15:39 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг баланд тоғ экотизимларида биохилма-хилликни муҳофаза қилишга қаратилган янги лойиҳа ишлаб чиқилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг баланд тоғ экотизимларида биохилма-хилликни муҳофаза қилишга қаратилган янги лойиҳа ишлаб чиқилди.

Пойтахтимизда мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши ва унинг мазмун моҳиятини очиб бериш мақсадида анжуман ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ў.Ўтаев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида табиатни асраш, ишлаб чиқариш жараёнларини замонавийлаштириш, экологик мувозанатни сақлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Мамлакатимиз бой табиати ва ноёб биологик ресурслари билан ажралиб туради. Ушбу ноёб табиий бойликларни асраш, йўқолиб бораётган турларни кўпайтириш, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш, табиатга инсон омили салбий таъсирининг олдини олиш юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидандир.

Ўзбекистон БМТнинг халқаро биохилма-хилликни асраш, ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини ҳимоя қилиш, сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойи бўлган сувли-ботқоқли ҳудудларни муҳофазалаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон ва ўсимлик турлари билан халқаро савдо қилиш юзасидан қабул қилинган конвенцияларга қўшилган ва улар асосида зиммага олинган халқаро мажбуриятларни ўз вақтида бажариш мақсадида миллий стратегия ва ҳаракат режалари амалга оширилмоқда.

«Глобал аҳамиятга эга бўлган биохилма-хилликни муҳофаза қилиш мақсадида муҳим тоғли ҳудудларда ўрмонлардан ва табиат ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва бошқариш» деб номланган янги лойиҳа ҳам биохилма-хилликка бой юртимизнинг баланд тоғ экотизимларида табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Лойиҳа Глобал экологик жамғарма тақдим этган грант маблағлари эвазига ҳамда бошқа қатор вазирлик ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида 2017-2022 йилларда амалга оширилади. Лойиҳа доирасидаги чора-тадбирлар Ғарбий Тянь-Шань ва Помир-Олойнинг баланд тоғ ҳудудларида Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг маъмурий чегаралари ичида амалга оширилади.

Баланд тоғ экотизимларининг асосий вакили муҳофазага муҳтож бўлган қор қоплони ҳисобланади. У Марказий Осиёнинг баланд тоғ ҳудудларида яшовчи, мушуксимонлар оиласига мансуб йирик йиртқич ҳайвондир. Қор қоплони халқаро "Қизил китоб"га муҳофазага муҳтож тур, Ўзбекистоннинг "Қизил китоби"га эса 2009 йилда тор ареалда яшовчи камайиб бораётган ва бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида қолган тур сифатида киритилган.

Мазкур лойиҳа бундай муаммоларнинг олдини олиш, аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш, биологик хилма-хилликни асрашга йўналтирилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Давра суҳбатида лойиҳа доирасида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар, уларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 389






Все о погоде - Pogoda.uz