ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Транспорт вазирлиги вакиллари халқаро кўргазмада иштирок этди

Транспорт вазирлиги вакиллари халқаро кўргазмада иштирок этди

Шу кунларда Германиянинг Мюнхен шаҳрида аэропортларга хизмат кўрсатиш соҳасидаги “Inter Airport Europe 2019” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазмада бутун дунёдан 500 га яқин компания иштирок этмоқда.

Транспорт вазирлиги Матбуот хизматининг хабар қилишича, 22-маротаба ташкил этилган кўргазма ҳаво транспорти техникасини ривожлантириш, аэропорт ва терминаллар учун ускуналар, аэродромларда ишончлилик ва хавфсизлик, самолётларга техник хизмат кўрсатиш каби масалаларни қамраб олган. Тадбир доирасида аэропорт фаолиятининг долзарб масалалари бўйича семинар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари И.Маҳкамов бошчилигидаги вазирлик вакиллари иштирок этмоқда. Мақсад соҳадаги замонавий технологиялар ва аэропортлар фаолиятидаги илғор технологик ечимлар билан яқиндан танишишдир.

Кўргазманинг биринчи куни Ўзбекистон вакиллари “Inter Airport Europe 2019” кўргазмасида қатнашиб, аэропортлар соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича ишлаб чиқилган энг сўнгги техника ва технологиялар билан танишди.

Ташрифнинг иккинчи куни гуруҳ аъзолари Европанинг энг илғор ҳаво дарвозаларидан бўлган Мюнхен аэропорти тажрибасини ўрганди. Аэропортга уюштирилган саёҳат давомида унинг инфратузилмаси, бу ерда ишлатилаётган ускуналар ва аэропорт ишини ташкил этиш борасида қўлланилаётган технологик ечимлар борасида батафсил маълумот берилди.

Аэропорт конференциялар залида Мюнхен аэропортининг ривожланиш концепцияси тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот сўнггида И.Маҳкамов Мюнхен халқаро аэропорт бошқарувчи директори Ральф Гаффал билан музокара ўтказди. Музокаралар натижасига кўра ўзбекистонлик кадрларни Мюнхен халқаро аэропортида амалиёт ўташи ҳамда улар учун Германияда аэропортлар бошқаруви бўйича махсус ўқув курсларини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.

Мюнхен аэропорти ҳозир Германиядаги Франкфуртдан кейин иккинчи ўринда турувчи Европадаги энг йирик хаблардан бири бўлиб, 2018 йилда 368 минг тоннадан ортиқ юкларни қайта ишлаган, 46,3 миллион йўловчи ҳамда 74 мамлакатнинг 264 шаҳридан келувчи 413 мингдан ортиқ самолётларга хизмат кўрсатган. Бир йиллик товар айланиши 1,5 миллиард еврони ташкил этган бўлса, шундан 150 миллион евро миқдорида соф фойда олган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистонда фуқаро авиациясини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК негизида 2 та компания – “Uzbekistan airways” ва “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятлари ташкил этилди.

Кўргазма жараёнида ўрганилган замонавий технология ва инновацион ғояларни мамлакатимизда қўллаш ва Германияда кадрларимиз малакасини ошириш аэропортларимизда йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ортишига ва соҳанинг изчил ривожланишига хизмат қилади.

Германия.jpg

2 648
ЎзА