ЎзА Ўзбек

07.05.2018 17:00 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонимизнинг ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишга ҳисса қўшмоқчиман

Ўзбекистонимизнинг ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишга ҳисса қўшмоқчиман
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили ёшлар билан учрашганида “Ўзбекистонимизнинг ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ким ўз зиммасига олади?” деган саволни ўртага ташлаганди. Ва бу саволга жавобан ўзлари шундай деган эди: “Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган сиз, азиз ёшларимиз майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирсиз”.

Бундай юксак ишонч биз ёшларга жуда катта рағбат, ўз навбатида, юксак масъулият юклади. Шундан бери эътибор бериб қаралса, бунёдкорлик ишларига бел боғлаган ёш тадбиркорлар сафи кенгайди.

Менинг тадбиркорликка қўл уришимга ҳам ана шу даъват сабаб бўлди. Айнан халқимиз манфаатига хизмат қиладиган лойиҳалар устида ишлаб, уларни амалга ошириш учун инвесторларни жалб қилишга ҳаракат қилдим. Бунда, албатта, ўқиш жараёнида бир неча хорижий тилларни, жумладан, рус, инглиз, турк тилларини мукаммал эгаллаганим катта ёрдам берди.

Айни пайтда Наманган вилоятининг Поп тумани марказида замонавий савдо мажмуаси ва "Pop eco park" лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб бормоқдаман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида мазкур лойиҳалар билан ҳам яқиндан танишди.

Бу жараён мен учун жуда ҳаяжонли кечди. Давлат раҳбарининг ёш тадбиркорларга эътибор қаратиб, бизни эшитганлари, йўлимизда қандай тўсиқ ва муаммо бўлса олиб ташлашга тайёр экани, қўллаб-қувватлашлари жуда катта воқелик бўлди. Биргина бизга болам, деб мурожаат этишлари замиридаги меҳр ва ишончни таърифлашга сўз ожиз.

Энди мазкур лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтсам. Қиймати 25 миллиард сўм бўлган лойиҳа 15 гектар майдонни эгаллайдиган очиқ ва ёпиқ мавдо мажмуаси, ишлаб чиқариш цехлари ҳамда сунъий ҳовуз, ландшафт дизайни асосида бунёд этиладиган экопаркни ўзи ичига олади.

Айтиб ўтиш керакки, лойиҳани тайёрлашда Поп тумани аҳолиси учун буюм бозори, аҳоли учун замонавий дам олиш маскани йўқлиги инобатга олинган. Эътиборли жиҳати, мажмуа замонавий қуёш батареялари асосида электр энергияси билан таъминланиши кўзда тутилган.

Президентимиз ташрифидан сўнг лойиҳани амалда бунёд этишга киришдик. Мажмуа ишга тушиши билан юзлаб одамлар ишли бўлади.

Бундан ташқари, пойтахтимизнинг Юнусобод туманида “Биллур” болалар боғини россиялик инвесторлар билан ҳамкорликда бунёд этмоқдамиз. Бу ерга Хитойдан энг замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатилади. Яна бир ниятим – Зангиота туманида композит арматура (таркиби шиша толали) ва бошқа шу каби зарур жиҳозлар тайёрлашга мўлжалланган ишлаб чиқариш мажмуаси бунёд этиш. Замонавий, аҳоли учун фойдали бўлган бу истиқболли лойиҳамиз ҳам тайёр. Уни амалга ошириш учун бир неча хорижий инвестор билан келишувга эришганман. Бироқ уни қуриш учун ер майдони керак. Ҳукумат қарори асосида Зангиота туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастурга киритилган ушбу лойиҳани амалга оширишга йўл очилса, янада яхши бўларди.

Бир сўз билан айтганда, мақсадим Ўзбекистонимизнинг ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишга ҳисса қўшиш, шу мақсад йўлида тиниб-тинчимаётган Президентимизга елкадош бўлишдир.

Сардор Раҳмонов, тадбиркор.

ЎзА
6 097