Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2018 14:41 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда таълим олиш истагида бўлган туркманистонлик ёшлар сафи кенгаймоқда

Ўзбекистонда таълим олиш истагида бўлган туркманистонлик ёшлар сафи кенгаймоқда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, манфаатларни ҳурмат қилиш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида ривожланмоқда.

Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам йилдан йилга юксалаётир. 

3.jpg

Буни Бухоро вилоятидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қардош халқнинг кўплаб ўғил-қизлари таълим олаётганидан ҳам кўриш мумкин.

Бухоро давлат университети филология факультетида буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги кенг нишонланди. Тадбир доирасида намойиш қилинган саҳна кўринишида Алишер Навоий ролини туркманистонлик Гадам Аллаберенов ижро этди. Гарчи сўз талаффузида андак фарқ сезилиб турсада, ижро ажойиб чиқди.

6.jpg 

Гадам актёр эмас, балки Бухоро давлат университетининг учинчи босқич талабаси.

– Туркманистонда ҳам билим олиб, тегишли мутахассисликни эгаллаш учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди Г.Аллаберенов. –Ёшларимиз орасида қўшни Ўзбекистон, жумладан, Бухоро вилоятидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирувчилар ҳам бор. Уч йилдан буён ўзбекистонлик тенгдошларим билан бир гуруҳда таълим оламан. Аудиторияга киришим билан, ана ўзимизнинг Қадамбой келди, дейишади. Бундай кезда ўзингни бегонадек ҳис қилиш уятда. Улар Навоий ҳазратларини қанчалик яхши кўрсалар, бизнинг Махтумқулини ҳам азиз билишади. Туркманнинг улкан шоири ҳам ўз вақтида Бухоро мадрасаларидан бирида таълим олиб, Навоий шеъриятидан илҳомланган.

Бухоро давлат университетида Гадамга ўхшаган яна 32 нафар туркманислонлик йигит-қиз таҳсил олмоқда.

– Туркманистонлик ёшлар нафақат таълимда, балки турли маданий тадбирларда ҳам фаол, – дейди университетнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ориф Қодиров. – Яқинда улар иштирокида Ўзбекистон – Туркманистон дўстлигига бағишланган фестиваль ўтказилди. Бу каби тадбирлар биз бир-биримизга қанчалик яқин эканлигимизни, бизни азалий қардошлик ришталари боғлаб турганини англашга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида кенгайиб бораётган ҳамкорлик таълим соҳасида ҳам тўла намоён бўлмоқда. Қўшни мамлакатдан билим ва касб эгаллагани келаётган ёшлар сафи кенгайиб бораётир. Айни пайтда Бухоро давлат университети, тиббиёт, муҳандислик-технология институтлари, 5 та ўрта махсус касб-ҳунар коллежида 600 нафарга яқин талаба ва ўқувчи таълим олмоқда.

Бухоро давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг 18 нафари туркманистонликдир. Гулялек Аннасайидова улардан бири.

– Тиббиёт илмининг бобокалони бўлган Абу Али ибн Сино юртида таълим олаётганимдан бахтиёрман, – дейди даволаш факультети биринчи босқич талабаси Гулялек. – Бу ерда замонавий билим олишимиз учун барча қулайлик яратилган. Ниятим келажакда яхши мутахассис бўлиб, ўзим туғилиб ўсган Лебап вилояти аҳолиси соғлиги йўлида хизмат қилиш.

Мазкур олий ўқув юртини жорий ўқув йилида туркманистонлик уч нафар йигит-қиз тамомлайди. Улар ўқишни шу ерда магистратурада давом эттиришади.

Бухоро тиббиёт коллежи битирувчиси Ажаб Розимурадова эса ҳамюрти Гулялекка ҳавас қилиб, Бухоро тиббиёт институтига ҳужжат топширмоқчи.

Бухоро тиббиёт коллежида 212 нафар қардош юрт йигит-қизлари шартнома асосида ўқимоқда. 2011 йилдан буён 200 дан ортиқ туркманистонлик ёш мазкур билим маскани дипломига эга бўлди. Улар сафи бу йил яна 56 нафарга кенгаяди.

Вилоятдаги олий таълим муассасалари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, ўқиш истагида келаётган туркманистонлик йигит-қизларнинг сони йилдан йилга кўпаймоқда.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
9 949