ЎзА Ўзбек

16.07.2018 12:44 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ўсди

Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ўсди
2018 йил январь – июнь ойларида Ўзбекистон Республикасида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 609,1 минг сўмни (иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек, унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд) ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 21,4 фоизга ўсишни таъминлади.

Бу ҳақида Давлат статистика қўмитасининг Демография ва меҳнат статистикаси бошқармаси маълум қилди.

Иш ҳақи. 2018 йил январь – июнь ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича иш ҳақи таҳлили қуйидагиларни кўрсатмоқда:

таълимда 21 533 та муассасада 999,2 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 38,6 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 7 496,1 млрд. сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 30,0 фоизни) ташкил этган. Таълим соҳасида ишловчиларга ҳисобланган ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 250,4 минг сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 15,2 фоизга ўсди;

саноатда 614 та корхонада 451,6 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 17,5 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 6 621,5 млрд. сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 26,5 фоизни) ташкил этган. Саноат соҳасида ишловчиларга ҳисобланган ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2 443,6 минг сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 30,2 фоизга ўсди; 

соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 1 422 та муассасада 428,2 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 16,6 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 2 719,4 млрд. сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 10,9 фоизни) ташкил этган. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ишловчиларга ҳисобланган ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 058,5 минг сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 16,8 фоизга ўсди;

ташиш ва сақлашда 204 та корхонада 115,0 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 4,4 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 1 481,9 млрд. сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 5,9 фоизни) ташкил этган. Ташиш ва сақлаш соҳасида ишловчиларга ҳисобланган ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2 148,3 минг сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 22,1 фоизга ўсди;

молиявий ва суғурта фаолиятида 138 та муассасада 67,0 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 2,6 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 1 228,3 млрд. сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 4,9 фоизни) ташкил этган. Молиявий ва суғурта фаолияти соҳасида ишловчиларга ҳисобланган ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3 054,9 минг сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг даврига нисбатан 25,4 фоизга ўсди.

Юридик шахсларда ходимлар сони ва иш ҳақи фонди (2018 йил январь – июнь, 
қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари)

01.JPG

2018 йил январь – июнь ойларида республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан молиявий ва суғурта фаолиятида 89,9 фоизга, ахборот ва алоқада 88,3, саноатда 51,9, ташиш ва сақлашда 33,5 фоизга юқорини ташкил этган бўлса, аксинча соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 34,2 фоизга, яшаш ва овқатланиш бўйича хизмарларда 28,8 фоизга, таълимда 22,3 фоизга республикадан камни ташкил этмоқда.

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 
ўсиш суръати (2018 йил январь – июнь, қишлоқ хўжалиги 
ва кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари)

03.JPG


2018 йил январь – июнь ойларида 2017 йилнинг мос даврига нисбатан иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг юқори ўсиш суръати ахборот ва алоқада 32,9 фоиз, саноатда 30,2 фоиз, қурилишда 26,4 фоиз, молиявий ва суғрута фаолиятида 25,4 фоиз кузатилди.

Ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 
(2018 йил январь – июнь, республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан, фоизда)

04.JPG

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичини республика ҳудудлари бўйича кўрадиган бўлсак, яъни ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 2 252,1 минг сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 140,0 фоиз), Навоий вилоятида 2 153,0 минг сўмни (133,8 фоиз) ва Тошкент вилоятида 1 768,5 минг сўмни (109,9 фоиз) ташкил этган бўлса, Наманган вилоятида 1 263,3 минг сўмни (78,5 фоиз), Самарқанд вилоятида 1 273,6 минг сўмни (79,2 фоиз) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан кам миқдорга эга бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси бўйича ўртача ойлик 
номинал ҳисобланган иш ҳақи (январь – июнь; қишлоқ 
хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларидан ташқари, минг сўм)

05.JPG

ЎзА
10 222