ЎзА Ўзбек

20.07.2018 21:18 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги "Геоинновация маркази" ДУК ва Хитойнинг дронлар ишлаб чиқарувчи "BShark Holdings LTD" компанияси ўртасида Ўзбекистонда учувчисиз технологияларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. 

Ҳужжат Ўзбекистон делегациясининг Хитойнинг Шенчжэн шаҳрига ташрифи доирасида имзоланди. 

"Геоинновация маркази" ДУК маълумотларига кўра, корхоналар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ниятида. Меморандум шунингдек, ҳамкорликда ўқитиш дастурларини ишлаб чиқиш, семинарлар ўтказиш, учувчисиз технологияларни ривожлантириш соҳасида мутахассислар, ахборот ва тажриба алмашинувини кўзда тутади.

"BShark Holdings LTD" компанияси Ўзбекистонга зарур ишлаб чиқариш ускуналари ва технологияларни етказиб бериш, маҳаллий ходимларни ўқитиш, савдо ва маркетинг бўлимларини ташкил этишни мўлжалламоқда. 

Самолётда инсон иштироки мутлақо талаб қилинмайдиган қатор вазифалар мавжуд. Видео-, фотосъёмка, радиошовқинни созлаш шулар жумласидандир. Боз устига, бортда учувчи йўқлиги машина таннархини сезиларли даражада камайтиради. Бундан ташқари қаттиқ, кўзга ташланмайдиган, маневр қилишга уста ва тезкор дронлар-авиация ҳаракатларини бошқариш учун керак бўладиган таъминот воситаларини ўрнатишни талаб қилмайди.

Роман Бондарчук, ЎзА
5 225