ЎзА Ўзбек

22.06.2018 16:27 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилишига доир баъзи мулоҳазалар

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилишига доир баъзи мулоҳазалар
Бирор-бир соҳада мувозанат бузилдими, муаммолар пайдо бўлаверади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги қарорига асосан, мамлакатимизда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ташкил этилиши соҳадаги қатор муаммоларга ечим топиши мумкин. 

11-09-2015_19-03-2015_15х12,5.JPG

Амрулло Каримов,
филология фанлари номзоди, доцент

Тан олиш керак, ушбу қарор ҳақидаги фикр-мулоҳазалар бир неча йиллардан бери бор эди. Афсуски, объектив ва субъектив сабаблар билан ортга сурилиб, орзулигича қолаётганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси жамоатчилик орасида шов-шувларга сабабчи бўлди ва шундай институтга эҳтиёж борлиги Президент томонидан айтилиши журналистлар учун ҳам кутилмаган ҳодиса эди. 

Қарорнинг аҳамиятли жиҳатлари нималарда намоён бўлади?

Биринчидан, гап Ўзбекистон Миллий университети (ЎзМУ) ва Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ)да қабулнинг тўхтатилишида эмас, балки аксарият журналистлар орзу қилаётган, керак бўлса, муаммо сифатида тилга олаётган кадрларнинг бирозгина нўноқлигига ҳам нуқта қўйилади. Шу пайтга қадар, журналистика ва халқаро журналистика таълим йўналишлари бўйича универсал кадр тайёрлашга аҳамият қаратилган бўлса, эндиликда, бўлажак кадрлар босма оммавий ахборот воситалари журналистикаси, телерадио журналистикаси, интернет журналистика, халқаро журналистика, спорт журналистикаси, ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар, медиадизайн, медиамаркетинг ва реклама таълим йўналишлари бўйича ўқитилади. Универсал журналист тайёрлаш талаби қўйилгач, кадрлар қайси оммавий ахборот воситаси ёки матбуот хизматига бориши номаълум бўлгани боис, юқорида номи зикр этилган фанлар бирма-бир ўқитиларди. Фанларга чуқур кириб борилмасди. Яъни, талаба амалиётга қайси ОАВга борса, ўша ерда жараённи чуқурроқ ўрганарди. Хориж амалиётида ихтисослаштириб ўқитиш амалиёти аллақачон бошланган. Мазкур қарорнинг алоҳида эътирофга арзигулик жиҳатларидан бири шу.

IMG_3167-1140x796_c.jpg
Иккинчидан, эътибор берилса, аксарият газета ва журналлар, сайтларнинг муваффақиятини уларнинг шакли, дизайни белгилайди. Матбуот нашрлари сонининг ортиб бориши бош муҳаррирлар олдига битта муаммони кўндаланг қўйди – газета дизайнерларига жуда катта эҳтиёж пайдо бўлди. Битта дизайнер, 3-4 газета ва журнални дизайни билан шуғулланишни бошлади. Бу марказдаги вазият. Вилоят ва туманлардаги матбуот нашрларининг аҳволи янада оғир. Дизайнда 80-, 90-йилларнинг нафаси сезилади. Ана шу эҳтиёж инобатга олиниб, журналистика факультетлари ўқув режаларига “Компьютерда саҳифалаш дизайни”, “Рақамли журналистика” каби фанлар киритилди. Аммо, бу билан муаммони тўла ҳал қилиб бўлмасди. Мазкур қарор асосида медиадизайн алоҳида таълим йўналиши сифатида ўқитилади.

Учинчидан, кейинги йилларда кадрларнинг вилоят ва туманларга қайтмаётгани муаммо сифатида қайта-қайта кун тартибига қўйилди. Натижа эса йўқ. Тошкентда таълим олган талаба вилоятга қайтмаслигининг сабаблари кўп. Пойтахтда шароитнинг яхшилиги масаланинг бир томони. Аммо, туман газетасидаги аҳвол талабани қониқтирмайди. Биринчи курсдан битиргунига қадар марказдаги таҳририятлардаги амалиётни, ривожланишни кўриб туманга қайтмаслиги тайин. Туман газетасининг электрон почта манзили йўқ, сайти йўқ, интернет деярли ишламайди, муҳаррир замонавий ахборот технологияларидан хабардор эмас. Талаба янгилик билан борса, унинг қарашларини муҳаррир қабул қила олмаслиги аниқ. Муҳаррир таваккал қилишдан қўрқади. Яқин орада бирон марказий нашрда малака оширмаган. Бунга шароит ҳам йўқ. Соҳага дахлдор ташкилотларнинг қисқа муддатли малака ошириш курслари янги медиалар фаолиятини тушунишга тўла имкон яратмаслиги аниқ. Қарорда кўрсатиб ўтилган малака ошириш курслари ҳам бу борадаги жуда катта қадам. Туман газеталари инқирозига сабаблардан яна бири муҳаррирларнинг маркетинг соҳасини яхши билмасликлари ҳисобланади. Эндиликда, медиамаркетинг ва реклама ҳам алоҳида таълим йўналиши сифатида ўқитилишининг йўлга қўйилиши бу муаммоларга маълум маънода чек қўяди.

Тўртинчидан, мазкур қарорга мувофиқ, университетда магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш анча кенгайган. Жумладан, илк марта сиёсий-ҳуқуқий журналистика, медиаменеджмент мутахассисликлари бўйича магистрлар қабул қилинади. 2006 йилдаги қарорда ҳам меҳнат бозорининг янги йўналишдаги мутахассисларга бўлган амалдаги эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда сиёсий шарҳ, оммавий ахборот воситалари иқтисодиёти ва менежменти, Интернет журналистика, оммавий ахборот воситалари социологияси, оммавий ахборот воситалари психологияси, ахборот-психология хавфсизлиги масалалари мутахассисликлари бўйича магистратура очиш кўзда тутилган эди. Афсуски, бу банд ҳам деярли бажарилмаган эди. 

Уз2.jpg
Бешинчидан, 2011 йилда мамлакатимизда футболни ривожлантириш тўғрисидаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Спорт журналистикаси” бўйича магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳар йили 3 нафар магистр битиради. Аммо, бу ҳам ўзини оқламади. Таълимда узлуксизлик таъминланмас экан, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Хорижда спорт журналистикаси бўйича бакалавр тайёрлаётган олий ўқув юртларида 20 дан ортиқ фан ўқитилади. Бу фанлардан бохабар бўлмаган талаба магистратурадаги бир нечта фан билан келгусида спорт соҳасида яхши мутахассис, етук олим бўлиши мумкинми? Шундай қилиб, янги олий ўқув юртида бакалавриатда “Спорт журналистикаси”нинг очилиши ҳам узлуксизликни таъминлашга хизмат қилади.

Олтинчидан, журналистика ижодий фаолият тури сифатида мунтазам ёзишни, матн билан ишлашни, таҳрирни талаб қилади. 12-15 нафар талабанинг топшириқ сифатида ёзиб келган материалини кўришга амалий машғулот учун мўлжалланган бир соату 20 минутли вақт етиши даргумон. Қарорда талабалар сони нисбатининг чекланган нормативи 1:6,0 нисбатда ўрнатилиши кадрлар тайёрлаш сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Еттинчидан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хориж тилларини биладиган журналист кадрлар қани деган саволларни қўйган эди. 1999 йилда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида Халқаро журналистика факультети очилди. Дастлабки йиллардан бошлаб факультетда инглиз, француз, испан, немис, корейс, хитой, япон, поляк, араб, форс тиллари ўқитилди. 2012 йилдаги чет тилларни ўқитишга доир қарор бошқача талқин қилиниб, инглизлашиш сиёсати бошланди. Барча гуруҳларда бирдек инглиз тили ўқитила бошланди. Журналистика ва халқаро журналистика факультетларида ҳам инглиз тили ўқитилади. Ўқув соатлари миқдорида фарқ бор, холос. Шу тарзда, халқаро журналистикада мавжуд тил марказлари ёпилди, журналистика факультети талабалари учун элчихоналар тақдим этиб келаётган хорижий адабиётлар келмай қўйди, хориждан келиб ишлаётган кўнгилли ўқитувчилар факультетни тарк этди, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви тўхтатилди.Қарорда оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар, шу жумладан, юқори малакали, бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган халқаро журналистлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилар экан, бир неча хорижий тилни ўқитишга ҳам эътибор қаратилади. 

қорақалпоқ.jpg
Саккизинчидан, айни пайтда мамлакатимизда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Аслида бу масала 2006 йил 7 августдаги “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат дастури тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорида тегишли кадрларни магистратура, аспирантура, докторантурада тайёрлаш самарадорлигини ошириш орқали журналистика факультетлари ўқитувчилари таркибини сифат жиҳатидан яхшилаш, журналистика факультетлари ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари соҳаси мутахассислари томонидан илмий-тадқиқот ишлари ўтказилишини рағбатлантириш журналистика бўйича, фан ва техника тарихи (журналистика тарихи) бўйича, сиёсий маданият ва идеология бўйича номзодлик ва докторлик диссертациялари ёқлаш учун ихтисослаштирилган Кенгаш очиш белгиланган эди. Афсуски, дастурда белгиланган вазифа бажарилмади. Журналистика бўйича илмий-тадқиқот олиб борган тадқиқотчилар гоҳ Миллий университет, гоҳ Шарқшунослик институти таркибидаги Кенгашларга ҳимоя қилишга мажбур эдилар. Ҳатто, 2012 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда журналистика бўйича бирорта илмий иш ҳимояга олиб чиқилмади. 2017 йил охирида ЎзМУ докторанти Тамара Машарипова, 2018 йил бошида Беруний Алимов ТДШИ, ЎзДЖТУ, ЎзМУ ҳузуридаги илмий даражалар берувчи dsc.27.06.2017.fil.21.01. рақамли илмий кенгаш асосида бир марталик Илмий кенгашда ҳимоя қилишди. Ишлар асосан 3 олий ўқув юртида (ЎзМУ, ЎзДЖТУ, ҚорДУ) ёзилиб, ҳимоянинг бошқа бир институтда ташкил этилиши муайян қийинчиликлар туғдирарди. Жумладан, журналистика спецификасини яхши тушунмаган баъзи олимлар филологик аспектга асосий эътиборни қаратишарди. Ваҳоланки, журналистика бир неча соҳа кесишган чорраҳада вужудга келган бўлиб, унда социология, сиёсатшунослик, ахборот хавфсизлиги, жамоатчилик билан алоқалар, имижология, ахборот-коммуникация технологиялари, медиадизайн каби нуқтаи назарлар билан ёндашилган ишларга эътирозлар кўп бўларди. Натижада, айрим ишлар ҳимояси бир неча йилга чўзилган ҳоллар ҳам кузатилган. Қани бунда филология деган саволлар тадқиқотчиларнинг соҳадан безишига сабаб бўлаётгани ҳам бор гап эди. Ҳозирда бир нечта ёш олим ҳимояга шай. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Университетда журналистика соҳаси бўйича илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш очиш тўғрисидаги таклифи маъқуллангани бу соҳадаги муаммоларни бартараф этади.

Шунингдек, қарорда университетнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларини хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига малакасини ошириш ва докторантурага юбориш, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини мунтазам ташкил этиш, кичик босмахона ва ўқув телестудияси фаолиятини йўлга қўйиш, маҳорат мактабларини кучайтириш, “устоз-шогирд” тизимини кенг йўлга қўйиш кабилар кўзда тутилган. Мақсад аниқ, вазифалар аниқ. Бундан буёғига мувозанатни қўлга олиб, журналистика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ишига фақат бўлажак университет жамоаси эмас, амалиётдаги дўстлар билан бирга қўлни-қўлга бериб, муаммоларни бирга бартараф этиш чораларини излаш керак. 

8 509