Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.05.2018 15:34 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон заминига биринчи келган америкаликлар кимлар эди?

Ўзбекистон заминига биринчи келган америкаликлар кимлар эди? Тарихий манбаларга мурожаат қиламиз. Ўзбекистон Республикаси кинофотоҳужжатлари марказий давлат архивида сақланаётган ҳужжатлар билан танишдик.

— АҚШ-Ўзбекистон алоқалари 1939 йилда бошлангани ҳақида фотосуратлар сақланмоқда, – дейди архив фондларини бош сақловчиси Умида Акромова. – Тўғри, улар у қадар кўп эмас. Лекин архивимизда сақланаётган суратларда АҚШнинг ҳарбий ҳаво кучлари ва сув ости кемаларининг турли маневерлари акс эттирилган бўлиб, 1939 йилда тасвирга муҳрланган.

Архивда сақланаётган минглаб суратлар орасидан мана шу диққатимизни тортди. Унинг орқа тарафига 1975 йил. 28.04 Ибрагимов олган фотосурат дея ёзилган. У яна совет космонавтлари ва америкалик астронавтлар Мирзо Улуғбек расадхонасида, деган ёзув билан тўлдирилган.

045c7c4f-7d22-4d8d-a9b9-cea208f587f1.jpg

Кўпчилик турли мамлакат вакилларининг ҳамкорликда космосга учиши "Союз — 19" ва "Аполлон" кемаларидан бошланганини билади. Лекин ана шундай тарихий парвоздан олдин космонавт ва астронавтларнинг Самарқандда бўлиб, Мирзо Улуғбек расадхонасини зиёрат қилгани ҳаммага ҳам маълум эмас. Ушбу фотосурат бу саёҳатни тарихга муҳрлаган.

Бу америкаликларнинг илк саёҳати деганлар янгилишади. Унга қадар ҳам юртимизга бу ўлкадан турли касб эгалари бир неча бор саёҳат уюштиргани архив фотосуратларида акс этган. Мисол учун, улардан бири фотограф Георгей Пун томонидан 1953 йилда олинган. Унда АҚШдан келган ёшлар делегацияси Тошкентдаги Алишер Навоий давлат кутубхонасида ноёб китоблар билан танишаётган жараёни фотога муҳрланган. 

451a6354-3e33-4b21-a37d-f0d81612c820.jpg

Америкалик журналист Петран хонимнинг Янгийўл туманида колхоз раиси Х.Турсунқулов билан учрашганига нима дейсиз? Бу воқеа 1956 йилда юз бергани фотосурат ортига белгилаб қўйилган.

61782f50-3557-4cd2-ab2a-5346a0ae585e.jpg

Америкалик ёзувчи Уильям Стайрон 1968 йилда Ўзбекистонга келиб, Самарқандга саёҳат қилган экан. Унинг самарқандлик қизча билан самимий мулоқоти буни тасдиқлайди. 

45924321-bbba-4f63-8894-d90d445d12ab.jpg

Қайд этиш жоизки, бу ёзувчи 1925 йилда туғилган бўлиб, унинг кўплаб асарлари ўз ўқувчисига эга. Хусусан, Франциянинг энг оммабоп «Le Monde» газетаси 1999 йили XX асрнинг энг яхши китобларини аниқлаш учун сўров ўтказганда Уильям Стайроннинг 1979 йилда ёзилган «Софининг танлови» асари ҳам рўйхатда юқори ўринларни банд қилган.

Ва яна ўн мингдан зиёд фотосуратлар сақланаётган картотекада фотограф Мазур олган суратда АҚШдан келган сайёҳларнинг Тошкент текстель комбинат вакиллари билан учрашуви акс эттирилган. 1963 йилда олинган бу суратда самимий мулоқотни кўриш мумкин.

6f0de587-231f-47b4-86f9-1a7f668883e0.jpg

1971 йилда олинган бир фотосуратда АҚШлик меҳмонларнинг Тошкент шаҳридаги болалар боғчасининг фаолияти билан танишаётгани акс эттирилган.

6c80be58-709f-4968-8418-2c1ee12c3740.jpg

Бу каби фотосуратлар Ўзбекистон Республикаси кинофотоҳужжатлари марказий давлат архивида жуда кўплаб топилади...

Сайёра Шоева, ЎзА
23 841