Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2018 12:25 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Туркия аксилтеррор йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерполнинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси бошқармаси билан Сурия ва Ироқ давлатларида террорчилик гуруҳлари томонида туриб жанг қилган ва жанг қилиб келаётганларнинг шахсини аниқлаш ва қидириш борасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик тадбирлари билан боғлиқ масалалар Интерполнинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси раҳбари Лутфи Чичек бошчилигидаги Туркия делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида муҳокама қилинган. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Халқаро ҳамкорлик бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон билан Туркия ўртасида барча соҳалар қатори дунёда хавфсизлик ва тинчликни сақлашга қаратилган ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳам мустаҳкам алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилгани алоҳида қайд этилган.

Тадбирда халқаро терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши, одам савдоси каби трансмиллий жиноятчилик кўринишларининг тобора кенгроқ намоён бўлиб бораётган бугунги кунда Туркия ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг биргаликдаги ҳаракатини кучайтириш, ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш зарурлиги қайд этилган.

“Жанговар ҳаракатлар давом этиб келаётган Сурия ва Ироқ давлатларида олиб борилган муваффақиятли махсус амалиётлар жараёнида жангариларнинг кўп қисми йўқ қилинди, айримлари қўлга олинди. Бироқ ҳали-ҳануз дунёнинг турли давлатларида яшириниб, янги экстремистик ҳужумларга тайёрлашга уринаётганлар ҳам бор. Шунинг учун уларни излаб топиш ва қўлга олишда ўзаро ахборот алмашиш, аксилтеррор йўналишда ҳамкорликдаги тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш муҳим аҳамиятга эга”, дейилади хабарда.

Учрашувда, шунингдек, ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалалари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинган.


7 954