Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 19:04 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучларининг ҳамкорликдаги машқлари бошланди

Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучларининг ҳамкорликдаги машқлари бошланди Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4-5 апрелда Россия Федерациясига давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналиш ва истиқболларини белгилаб берди. Мазкур машқлар Ўзбекистон – Россия муносабатларида янги саҳифа очилган, стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилган бир пайтда ўтказилмоқда.

Миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида хориж мамлакатлари билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшинларимизни энг замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қўшинлар замонавий ҳамда модернизация қилинган ўқотар ва оғир қуроллар билан, вертолёт ва самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, автомобиль ва бронетехникалар, алоқа воситалари билан таъминланмоқда.

Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирликлари вакиллари, Жиззах вилояти ҳокимлиги масъуллари, жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган ўқув машқларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари – Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Павел Эргашев, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий округ штаби бошлиғининг ўринбосари, генерал-майор Рустам Миннекаев ва бошқалар давлатларимиз ўртасида ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорлик ҳар икки мамлакат халқларининг тинчлик ва осойишталигини таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

5.JPG

Ноқулай иқлим шароитида, тоғли ҳудудларда шартли ноқонуний қуролланган кучлар таҳдидини қайтаришга қаратилган машқлар ҳозирги вақтда жаҳон миқёсида кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидларга қарши курашишнинг энг мақбул усулларини ишлаб чиқиш борасида ўзаро тажриба алмашишга асосланган.

Махсус тактик-ўқув машқларида икки мамлакат ҳарбий хизматчилари тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, мураккаб тоғ шароитида ноқонуний қуролланган бўлинмани йўқ қилиш бўйича ҳамкорликда аксилтеррор амалиёти ўтказишади. Мақсад – тажриба алмашиш, ҳарбий соҳада ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Ўқув машқларининг биринчи куни қурол-яроғ ва ҳарбий техника кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида қўлланилаётган жанговар қурол-аслаҳа ва техника воситалари намойиш этилди.

17.JPG

Шу куни икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасида спортнинг бир неча тури бўйича мусобақалар ўтказилди.

Шунингдек, ўқув машқлари доирасида ҳарбий илмий конференция ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Тошқул Бекназаров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
2 353






Все о погоде - Pogoda.uz