ЎзА Ўзбек

16.05.2019 14:55 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Россия адлия вазирлари Ҳамкорлик дастурини имзолади

Ўзбекистон ва Россия адлия вазирлари Ҳамкорлик дастурини имзолади

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтаётган IX халқаро юридик форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов Россия Федерацияси адлия вазири А.Коновалов билан учрашди.

Русланбек Давлетов россиялик ҳамкасбини форумнинг юқори савияда ташкил этилгани билан табриклаб, ўзаро ҳамкорлик доирасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдаги фаоллиги билан учун миннатдорлик билдирди.

Россия адлия вазири ўзбекистонлик ҳамкасбларини жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари Тошкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилган "Tashkent Law Spring" биринчи халқаро юридик форуми билан қутлади.

Томонлар турли мамлакатлар юридик ҳамжамиятларини яқинлаштириш, ҳуқуққа оид энг яхши тажрибаларни ўрганиш, соҳадаги долзарб масалалар ва замонавий тенденцияларни муҳокама қилишда муҳим роль ўйнайдиган бу каби тадбирларни ташкил этишда ҳамкорлик қилиш муҳим эканини таъкидладилар.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълум қилишларича, учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди. 

Ушбу дастур ўзаро стажировкалар ўтказиш, тажриба алмашиш, тизим ташкилотлари ўртасида икки томонлама муносабатлар ўрнатиш орқали икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор тадбирларни ўтказишни кўзда тутади.

ЎзА
1 588