Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 10:56 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – сармоядорлар ҳимоясига жиддий киришган давлат

Ўзбекистон – сармоядорлар ҳимоясига жиддий киришган давлат

Инвестор – ким у? Маблағ билан улуш қўшиб, шундан фойда олишни кўзлаган инсон. 

Тасаввур қилинг, сизда бизнесингизни ривожлантириш мақсади бор. Бунинг учун истиқболли ғоянгиз ҳам мавжуд, ишчи кучи ҳам етарли, тегишли технологияни ҳам кўз остингизга олиб қўйгансиз. Лекин сармоя етарли эмас. Шунда ўзаро манфаатлар уйғун келадиган шерикни қидирасиз. Биргаликда фойда олишни кўзлайсиз. Маблағи билан келаётган одамнинг ҳам худди сиз каби мақсади бор – пулни тикиб, фойда оламан, деган. Бу жўнгина таърифнинг давлат миқёсида олганда қамрови ва талаблари бироз ўзгача.

Ҳар қайси давлатнинг иқтисодиётига кириб келаётган инвесторлар каттагина маблағни маълум бир соҳага киритишдан олдин, бизнес учун яратилган муҳитни обдон ўрганади. Агар зарур шароит яратиб берилсагина, ҳимояни сезсагина, инвестор ҳеч иккиланмай шу давлат иқтисодиётига ўз маблағини сарфлашга рози бўлади. Бу аслида янгилик эмас. Балки ҳаммамиз яхши биладиган, катта бизнеснинг барча иштирокчилари бирдек амал қиладиган олтин қоида.

Хоҳлаймизми-йўқми, бутун дунё иқтисодиёти шундай қоидага асосланади. Инвесторлар ҳам шароит, имконият ва қулай бизнес муҳит яратилган мамлакатларни излайди ва шундай ҳудудларда йирик лойиҳаларга бош қўшишни маъқул кўради. Чунки шундагина давлат ҳам, сармоядор ҳам бирдек наф кўради. Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча тармоқларига инвесторларни кўпроқ жалб қилишда шундай тамойилга асосланиб, кенг кўламли ҳаракатлар бошланган. 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашишни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, товарлар ва хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлаш, ҳудудларда зарур инфраструктурани ташкил қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлардан кўзланаётган якуний мақсад ҳам шу. Бундан ташқари, инвесторларга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилди. Аслида бундай шароитлардан кейин шерикларимиз ҳеч иккиланмай, сармоясини кўтариб чопиб келиши керак эди. Лекин яшириб нима қилдик, жойларда инвесторлар билан ишлашда бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳали ҳам мавжуд. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан сармоя ётқизаман, деганларни лозим даражада қўллаб-қувватланмаслиги, вазирлик ва идоралар фаолиятидаги сансалорлик инвестицион муҳитни барқарорлигига салбий таъсир этаётганди. Шу боис ҳам давлат раҳбари томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонга имзо чекилди. 

Ҳужжатга асосан, инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ниҳоятда аҳамиятли бўлган масалалар ўз ечимини топади. Шундай қилиб, 2018 йил 1 августдан бошлаб маҳаллий ҳокимликларнинг инвесторлар билан ишлашида янги тартиб жорий қилинмоқда. Унга кўра, виждонан ҳаракат қилган инвестор ва тадбиркорлик субъекти давлат органи ёки мансабдор шахс томонидан қабул қилинган маъмурий ҳужжатга ишониб иш бошласа-ю, вақт ўтгандан кейин ушбу қарор юқори орган томонидан ноқонуний деб топилса, тадбиркорга етказилган зарар тўлиқ қопланадиган бўлди.

Шу билан бирга, давлат органи ёки мансабдор шахс тадбиркор фаолияти билан боғлиқ ўзи чиқарган қарорни бекор қилмоқчи ёки ўзгартирмоқчи бўлса, энди фақатгина суд қарори билан амалга оширади.

Яна бир муҳим жиҳат. 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари шу жойда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ муҳокама ўтказилгандан сўнг ҳамда фойда ва харажатлар баҳолангандан кейингина олиб қўйилиши белгиланди. Мазкур жойда тадбиркорга тегишли бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари эса бозор қийматида ҳисобланиб, пули тўлангандан кейингина бузиладиган бўлди. Аҳолига тегишли турар-жойларни бузишда ҳам худди шундай қоидага амал қилинади. Агарда жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи мансабдор шахснинг ноқонуний қарорини бекор қилиниши асосида зарар етказилса, бу зарар давлат бюджети ва маҳаллий органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Кейинчалик эса, айнан шу ноқонуний қарорни чиқарган мансабдордан регресс тартибида ундириб олинади.

“Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон маҳаллий ва хориж инвесторларига кенг имкониятлар яратади.

Яқинда Мамлакатимиз Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекилди. Ҳужжатга асосан, инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ниҳоятда аҳамиятли бўлган масалалар ўз ечимини топади. Шундай қилиб, 2018 йил 1 августдан бошлаб маҳаллий ҳокимликларни инвесторлар билан ишлашида янги тартиб жорий қилинмоқда.

Фармонга асосан ер участкалари қуйидаги мақсадларда, яъни:

• мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари учун,

• эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш;

• халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

• фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

• автомобиль ва темир йўлларини қуриш;

• аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехник марказлар барпо этиш;

• темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннельлар қуриш;

• энергетика тизими объектлари ва электрузатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ёки реконструкция қилиш;

• Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аҳоли пунктларини қуриш мақсадидагина давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши белгилаб қўйилди.

• чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондида хорижий сармояларнинг минимал миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача туширилмоқда.

• чет эл сармояси бор корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шартлиги талаби бекор қилинмоқда.

• чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондининг минимал миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача туширилмоқда.

• чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч бараваргача туширилмоқда.

• акциядорлик жамиятлари устав фондининг минимал миқдори 400 миллион сўм қилиб белгиланди.

Фармонга асосан, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб инвестициявий фаолиятни амалга ошириш учун ер участкаларини ажратишнинг янги механизмлари ҳам жорий этилмоқда. Эндиликда тадбиркорларга ер участкаси 50 йилгача ижарага берилади. Меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, йўл инфратузилмасини яратиш учун ер участкалари аукцион орқали сотилади ва шундан сўнг эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилади.

Фармон билан инвесторларга яна қатор енгилликларни яратишга қаратилган тартиблар ҳам жорий қилинмоқда. Унга кўра, мамлакатимизга инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга яна бир енгиллик яратилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги эса мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига “Фахрий фуқаро” унвонини бериш тартибини жорий этиш бўйича таклифларни ҳам ишлаб чиқади. Бундан ташқари, фармонга асосан Мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича 24 та банддан иборат чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда жорий йил охиригача инвестиция киритиш учун максимал қулай шароитлар яратишга қаратилган, инвестицион фаолият соҳасида унификациялаштирилган қонун ҳужжатини ишлаб чиқади. Бош прокуратура эса инвесторларнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар томонидан сўзсиз риоя этилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатади. Хуллас, Президент фармонининг қабул қилиниши иқтисодиётимиз хорижий инвесторлар учун очиқ эканлигидан ва Ўзбекистон сармоядорлар ҳимоясига жиддий киришганидан далолат беради.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

ЎзА
4 523