Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 16:05 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди

“Ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялашда, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кенг имкониятлар яратишда ҳамкорликни кучайтириш” мавзусида давлат грантлари ажратиш учун танлов

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа-буюртманомалари қабул қилинади:

1. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда қонунчиликни мустаҳкамлашга қаратилган турли маънавий-маърифий тадбирлар ва танловлар ўтказиш.

2. Жойларда ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун нормалари ижроси устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВнинг ролини кучайтириш.

3. Ёшларнинг ҳуқуқий, тиббий, иқтисодий, молиявий ва экологик маданиятини оширишда ижтимоий шерикликнинг янги механизмларини қўллаш.

4. Ёшлар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ота-оналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ўқув муассасаларининг масъулият ҳиссини шакллантиришга йўналтирилган ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларини татбиқ этиш.

5. Кўриш имконияти чекланган ёки кўзи ожиз ёшларга чет тилларни ўргатиш учун брайль ёзувига асосланган махсус адабиётлар ишлаб чиқиш, чоп этиш ва тарқатиш.

6. Жойларда тарбияси оғир бўлган ва уюшмаган ёшлар орасида шу ҳудудда яшаётган ёзувчилар, санъаткорлар, рассомлар, спортчилар ва ижоднинг бошқа соҳаси вакиллари иштирокида турли ижтимоий-маданий тадбирлар, телемарафонлар, уларнинг ёшига мос спорт ва ўқув мусобақалари, ўқув фанлари бўйича танловлар, мушоиралар, ижодий ва адабий кечалар ташкил этиш ва ўтказиш.

7. Ёшларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш мақсадида уларни мунтазам ижодий рағбатлантириб бориш ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш.

8. Фуқаролар йиғини гузарлари қошида китоб фондига эга бўлган ўқув заллари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ўргатишга мўлжалланган синфлар, шахмат ва шашка хоналари, ёшлар ва кексалар учун махсус спорт анжомлари билан жиҳозланган жисмоний тарбия залларини ташкил этиш ва улардан мақсадли фойдаланишда ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиш.

9. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, “Камолот” ЁИҲ, Хотин-қизлар қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, ногиронлар, кўзи ожизлар, карлар жамиятлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосида жисмоний имкониятлари чекланган ёшлар ўртасида “Ўзим яратаман” шиори остида турли тадбирлар, тасвирий ва ҳунармандчилик санъати кўргазмалари ва танловлари ташкил этиш ва ўтказиш.

10. Ёшларда соғлом ва фаровон оила қуришга бўлган кўникмани шакллантириш, ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олиш борасидаги билимларини янада ошириш, эрта никоҳ ва ажралишлар, оилалардаги ижтимоий-психологик муаммоларнинг олдини олишга кўмаклашиш.

11. Бола тарбиясига қаратилган “Бир болага етти қўшни ота-она” шиори остида оила, маҳалла ва ўқув муассасаларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ёшлар ва ёш оилаларни намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибалари асосида ҳамда халқимизнинг бой кўп асрлик миллий анъана ва қадриятлари руҳида тарбиялаш.

12. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган таҳдидлар ва салбий иллатлардан асраш борасида туркум тадбирлар ташкил этиш.

13. Ёшларда ҳуқуқий маданият, фуқаролик позицияси ва бурчини англаш ҳиссини юксалтириш, уларнинг давлат ва жамият қурилиши соҳаларидаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардорлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш.

14. Ёшлар, энг аввало, қишлоқ жойлардаги касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда уларни тадбиркорлик билан банд бўлишга жалб қилиш, уларнинг оилавий бизнесни ривожлантиришга қаратилган ишларини кучайтириш.

15. Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ёшлар бизнесини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг товарлар ва хизматлар экспорти соҳасидаги кўникмаларини мустаҳкамлаш.

16. Қишлоқ жойлардаги уюшмаган ёшларнинг ижтимоий фойдали меҳнат ва тадбиркорликка оид зарур билимларни эгаллашга йўналтирилган қисқа муддатли ўқув курсларига жалб этиш.

17. Ўсиб келаётган авлодда катталар, ота-онага ҳурмат, кичикларга ғамхўрлик, эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва мурувват, ўз халқига ва она юртига садоқат каби юксак туйғуларни шакллантириш.

Давлат гранти ажратилиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати.

2. www.fundngo.uz веб-сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза.

3. Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг устави (низоми) нусхаси.

4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси тақдим этилади.

6. 3-, 4- ва 5-бандларда кўрсатилган ҳужжатлар раҳбар имзоси ва ташкилот муҳри билан тасдиқланган бўлиши шарт.

7. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг илтимосномалари, тавсия хатлари илова қилиниши мумкин.

Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 25 миллион сўмгача.

Ҳужжатлар 2017 йил 10 майдан 15 июнгача қабул қилинади.

Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига “Ўзбекистон почтаси” орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй.

Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-64.

6 894






Все о погоде - Pogoda.uz