ЎзА Ўзбек

17.07.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасида халқаро аҳамиятга молик йўл очилди

Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасида халқаро аҳамиятга молик йўл очилди

Бугун, 17 июль куни “Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” халқаро автомагистралининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” халқаро автомагистралини қайта таъмирлаш масаласи икки давлат раҳбарлари томонидан 2017 йил 23 март куни Нур-Султон шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларациядан ўрин олган эди.

Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин жорий йил 21 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси доирасида мамлакатимиз раҳбариятига мурожаат қилиб, “Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” халқаро автомагистралининг тантанали очилиш маросимида ҳукумат делегациясининг иштирок этиши таклифини билдирганди.

DSC_0001.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация “Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” халқаро автомагистралининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари бошчилигидаги делегация, қурувчи-мутахассислар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган тадбирда мазкур халқаро аҳамиятга молик йўлнинг қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилиши мамлакатларимизнинг қардошлик ва яхши қўшничилик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.

DSC_0082.JPG

IMG_20190717_100022.jpg

Автомобиль йўлининг узунлиги 84 километрни ташкил этади. Мазкур йўлни реконструкция қилиш ва уни Қорақалпоғистон Республикасининг Устюрт платоси орқали ўтувчи халқаро автомобиль йўл билан туташтириш учун 108 миллион АҚШ долларилик маблағ йўналтирилди.

“Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” автомагистрали мамлакатларимизнинг иқтисодиёти юксалиши ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ортишига хизмат қилади. Ўзбекистоннинг Қозоғистон орқали Шимолий ва шимоли-ғарбий йўналишлар – Болтиқбўйи ва Европа мамлакатларига чиқишида, шунингдек, денгиз бўйи мамлакатлари билан боғланишида муҳим аҳамият касб этади.

DSC_0159.JPG

DSC_0155.JPG

8 992
ЎзА