Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.02.2018 18:55 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон мўъжизалари: Нефрит рангидаги сирли кўллар

Тошкент вилоятининг қорли тоғ йўли. Пастда иссиқ бўлсада, тоғнинг юқорисидаги йўллар муз билан қопланган. Бундай йўлда ҳайдовчи машинанани моҳирлик билан бошқармаса фалокатга учраш ҳеч гап эмас. Шу тариқа бир пастлаб, бир юқорилаб, Пском аҳоли пункти ҳудудидаги Такаёнғоқ қишлоғига келдик.

Бу ёғига ёлғизоёқ йўлдан машина юролмаслиги аниқ бўлгач, юкларимизни елкага осиб, пиёда йўлда давом этдик. “Угом ― Чотқол” давлат табиат миллий боғи ходимлари юқорига қараб, тоғда ёввойи чўчқалар ва тоғ эчкилари юрганини айтиб, отда дара томон кетишди. Биз эса маҳаллий аҳоли Урунгач сой деб атаган кўлни кўриш истагида олға юрдик.

Ҳозирда суви йўқ сой ичидан борарканмиз, уни турли дарахт ва буталар билан қопланганига гувоҳ бўлдик. Ҳаммаёқ оппоқ қор. Қорда юра-юра қувончимиз юз чандон ошиб, табиатдан завқландик. Негадир совуқ ҳам таъсир қилмай, қизиб кетдик.

Шу пайт қаршимиздан чиққан кичик кўл эътиборимизни тортди. Доирасимон бу кўлнинг чуқурлиги билиниб турибди. Суви жуда тиниқ. Атрофидан сув оқиб кирадиган ирмоқ бўлмасада, мавжланиб турибди. Маҳаллий ҳамроҳимизнинг айтишича, фақат баҳорда қор ва ёмғир суви эвазига кўлдаги сув сатҳи 2-3 баробар кенгаяр экан. Уни томоша қилганча, юқорилашда давом этдик.

Тоғнинг баланд тизмаларида жойлашган кичик Урунгач кўли Тошкентдан 150 километр узоқликда жойлашган. 

Биз юқорига қараб, тўрт чақирим пиёда йўл юргач, яна бир кўлга дуч келдик. Юқори Урунгач кўли янада баландроқда бўлиб, у денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган. Ҳажми бўйича кичигидан икки карра йирик кўл тиниқ мовий тусда бўлиб, бир қарашда унча катта эмас, бор-йўғи 10 сотихни эгаллаб турибди. Лекин, бизни ҳайратлантирган нарса унинг ҳажми эмас, балки катта сой сувининг кўл четидаги қум шағаллар орасига кириб, сингиб кетаётгани эди.

Хўш, бу сув қаёққа кетаяпти? Ер ости дарёсига қўшилаяптими ёки бошқа жойдан булоқ бўлиб чиқаяптими? Бу саволларга жавоб топиш қийин бўлди.

Негаки, биз ер остига сув кираётган дара бўйлаб пастликка қараб юрдик. 1,5-2 километрча масофада ҳеч қандай оқар сув учрамади. Кейин эса йўлда катта кичик булоқлар пайдо бўлиб, уларнинг суви бир тегирмон сув ҳосил қилиб, оқа бошлади. Бу сув ерга кириб кетаётган сувнинг яримича миқдорда эди. Қолган сувнинг қаёққа кетаётгани бизни ажаблантирди. Бироқ уни топишга муяссар бўлмадик.

Мутахассислар нефрит рангдаги Урунгач кўли, Угам-Чотқол миллий табиат боғининг дурдонаси ҳисобланишини тушунтиришди. Урунгачдаги қуйи ва юқори кўллар бўйлаб саёҳат, биллурдек тоза сувларни кўриш ва нефрит рангидаги сувда акс этадиган мағрур қоялар билан танишиш имкониятини берди.

Мўъжиза деганлари шу бўлса керак. Йирик сой сувининг ер остига кириб ғойиб бўлиши ҳар қандай сайёҳни ҳайратини оширади. Ҳамроҳларимиз сув баҳорда бир неча марта кенгайиши, ҳозир кўкламдаги сувнинг ўндан бири қолганини айтишди. Биз баҳорги сувни кўрмасакда, сой сувининг ер остига тушиб кетишини томоша қилдик. Бу баҳорги завқдан қолишмайди.

Сайёра Шоева, ЎзА мухбири
12 258