Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.07.2018 10:44 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон карлар жамияти аъзоларига Президентимиз совғалари топширилди

Ўзбекистон карлар жамияти аъзоларига Президентимиз совғалари топширилди
Аввал хабар қилинганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташрифи чоғида Ўзбекистон карлар жамиятининг Кар-соқовлар маданият марказида бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан танишган ҳамда маданият марказига иккита автобус, Карлар жамиятининг уч нафар аъзосига Тошкент шаҳридан уй совға қилган эди. 1 июль куни Ўзбекистон карлар жамиятида ушбу совғалар тантанали равишда топширилди. 

Шу муносабат билан ташкил этилган байрам тадбирида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маданият ва санъат намояндалари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон карлар жамияти аъзолари иштирок этди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Нодир Отажонов, Азиз Абдуҳакимов, Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов мамлакатимизда ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, давлатимиз раҳбарининг ташрифи меҳрга, эътиборга муҳтож инсонлар ҳаётида жуда катта ўзгариш бўлганини таъкидлади. 

Президентимизнинг 2017 йилда ва жорий йил июнь ойида Ўзбекистон кўзи ожизлар, карлар ва ногиронлар жамиятлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича эълон қилинган қарорлари асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизматларни олишида янги имтиёз ва преференциялар белгиланди. 

Ушбу қарорларга мувофиқ Ўзбекистон карлар жамияти Кар-соқовлар маданият марказининг 450 ўринли биноси тубдан таъмирланиб, замонавий жиҳозланди. 6 гектардан иборат ҳудуд ободонлаштирилиб, дам олиш сайлгоҳига айлантирилди. Ёпиқ спорт зали ёнида стадион барпо этилди. 

Карлар жамияти аъзолари истиқомат қиладиган тўрт қаватли ётоқхона биноси кўп йиллардан бери таъмирталаб бўлиб ётган эди. Мазкур бино ҳам таъмирланиб, оилаларга газ плита ва бошқа маиший техника жиҳозлари топширилди. Ҳудудда 600 ўринли тикувчилик корхонаси барпо этилиб, ҳозирнинг ўзида 100 дан ортиқ хотин-қиз ишга жойлаштирилди. 

Президентимиз жамият аъзолари билан суҳбатда уларнинг яшаш шароити, дам олиши, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиш билан қизиқиб, бу масалалар давлатимиз назоратида экани, яқин муддатда кар-соқов болаларнинг саводхонлиги, тарбияси, ишлаши ва даволаниш шароитларини яхшилашга қаратилган алоҳида қарор тайёрлаш бўйича топшириқ берди. 

Шахмат бўйича икки карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддинов, таэквондо бўйича Осиё чемпионати совриндори Даврон Хидиров ва рақс тўгараги раҳбари, халқаро танловлар ғолиби Олег Ошепковга уй, Кар-соқовлар маданият маркази аъзоларининг ижодий сафарларига қулайлик яратиш мақсадида иккита автобус совға қилинишини айтди. 

Тадбирда ушбу совғалар ўз эгаларига топширилди. Тошкент шаҳар кар-соқовлар маданият маркази ва Ўзбекистон кар-соқовлар спорт федерацияларига автобуслар совға қилинди. 

– Президентимизнинг Ўзбекистондаги ҳар бир одам мен учун қадрли дегани нафақат мени, балки ҳар бир онанинг кўзларига ёш қалқитди. Чунки у кишининг эътибори мана шундай фарзанди бор ота-оналар қалбида ҳам ҳаётга бўлган умид учқунини уйғотди, – дейди таэквондо бўйича Осиё чемпионати совриндори Даврон Хидировнинг онаси Гулнора Хидирова. – Икки ўғил, икки қизим бор. Фарзандларим орасида Давронга кўпроқ меҳр бериб ўстирдик. Ўғлим жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиши учун қилган тинимсиз меҳнатлари туфайли шу даражага эришди. Худо хоҳласа, унинг шогирдлари ҳам мусобақаларда нуфузли ўринларни эгаллаб, мамлакатимизнинг обрўсини жаҳонга танитишга ҳисса қўшади. 

– Президентимизнинг эътибори мен учун жуда катта совға бўлди, – дейди Даврон. – Бу мен каби бошқа ёшларнинг ҳам қийинчиликларни енгиб ўтишида далда беради. Давлатимизнинг менга берган меҳрини албатта оқлайман. 

Тантанали байрам дастури, файзли дастурхон атрофидаги суҳбат жамият аъзоларига катта хурсандчилик бағишлади. 

37.JPG

49.JPG

8.JPG

9.JPG

13.JPG

14.JPG

20.JPG

24.JPG

26.JPG

28.JPG

30.JPG

32.JPG

39.JPG

33.JPG

34.JPG

38.JPG

40.JPG

46.JPG

47.JPG

50.JPG

Матназар Элмуродов, ЎзА
3 847