Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.12.2017 15:47 Чоп этиш версияси

Ҳаётимда биринчи марта ёзувчи бўлмаганимдан афсусландим

Ҳаётимда биринчи марта ёзувчи бўлмаганимдан афсусландим
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни тадбирларида иштирок этган фермернинг иқрори

Пойтахтимизда катта тантана билан ўтказилган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни тадбирларида иштирок этиб қайтдим. Шундай деяпману, гўё ҳаммаси тушда кечгандек. Уч кун давомида шунча ҳаяжону қувонч, фахр-ифтихорни қалбдан туйганим, гувоҳ бўлганимга ишонгим келмайди.

...Туман ҳокимлигидан қўнғироқ қилиб, “илғор фермер сифатида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган тантаналарда қатнашасиз, тайёргарлик кўринг”, дейишди.

Албатта, камтарона меҳнатларим давлатимиз томонидан эътироф этилаётганидан хурсанд бўлдим. Лекин кўнглимнинг бир четида “шунча йўлга мени овора қилгандан кўра, бошқа ёш фермерлардан бирортасини юборишса бўлмасмикин, мен учун ҳозир қадрдон далам, набираларим қучоғидан иссиқ гўша, тафтли маскан борми?” деган саволомуз ўй ҳам ўтди хаёлимдан. Чунки, собиқ тузум даврида бир-икки марта қишлоқ хўжалиги ходимлари қурултойида иштирок этиш учун минг бир азобда бориб келганларимни унутмаган эдим.

Хуллас, айтилган кун кўнглимда алланечук хавотир билан Самарқанд шаҳрига бордим. Вилоятдан бир неча юз киши – фермерлар, сувчи ва механизаторлар, хизмат кўрсатиш идоралари, қайта ишлаш корхоналари вакиллари билан бирга пойтахтга йўл оладиган бўлдик. Шу ернинг ўзида туманлардан келган деҳқонларни кутиб олиш ва пойтахтга кузатиш учун ўзгача тараддуд кўрилганидан кўнглим ёришиб кетди. Ўзимизнинг "Afrosiyob"да Тошкент томон йўлга чиқдик.

Ҳали хаёлларимиз, ўй-фикрларимизни жамлаб улгурмай, икки соатдан бироз ўтиб пойтахт вокзалида эканимизни эълон қилишди. Азиз меҳмонларни қаршилагандек бизни кутиб олиб, махсус автобусларга ўтқазишди. Ҳаммамиз ҳайрон. Тошкентнинг кундан-кунга ўзгариб, чирой очиб бораётган ҳусну жамолига мафтун бўлиб бораётганимизда биз ўтирган автобус муҳташам бино олдида тўхтади.

Пойтахтимиздаги энг замонавий, бир нечта юлдузли меҳмонхона экан. Шу ерга жойлашишимизни айтишди. Тўғриси, сафарга чиқишимдаги эски хотиралар сабаб, ишонмадим. Аммо, меҳмонхона ходимлари менинг номимга расмийлаштирилган хона калитини қўлимга тутқазиб, ичкарига бошлаганда ҳайратим бир неча баробар ошди.

Номерга киргач, меҳмонхона ходими ушбу хона, у ерда қўйилган совғалар биз, меҳмонлар учун экани, бирор бир хизмат бўлса, бемалол чақиришимиз мумкинлигини айтишди.

Шундан сўнг, ростакамига байрамга келганимизни, биз муҳтарам Президентимизнинг меҳмони эканимизни ҳис қилдим. Бизга совға сифатида қўйилган бежиримгина, қимматбаҳо сумкани очиб – катта хазина топдим – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг китоби. Китоб саҳифаларига кўз югуртира бошладим. Кейинги бир йил давомида юртимизда барча соҳаларда амалга оширилган оламшумул ислоҳотлар, Президентимизнинг Самарқандга, Ургутга ташрифлари давомида айтган гаплари қулоқларим остида жаранглагандек бўлди.

Хонадаги телефон жиринглаб, бизнинг гуруҳимиз пойтахт бўйлаб саёҳатга чиқиши хабарини айтишди. Ишонасизми, меҳмонхонага қанчалик ҳайрат ва ҳаяжон билан кирган бўлсам, саёҳатга чиқишда ўзимда шунчалик катта ишонч, фахр-ифтихорни ҳис қилдимки, буни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ҳаётимда биринчи марта ёзувчи бўлмаганимга афсусландим. Эгнимда яп-янги либос, қўлимда Президент совға қилган сумка. Пойтахтимиздаги қишлоқ хўжалик техникалари ва маҳсулотлари кўргазмалари, тарихий-маданий объектларни қишлоқдаги оддий деҳқон, фермер сифатида томоша қилмадик, уларнинг ҳар бири бўйича ўзаро баҳс-мунозарага киришдик, таклиф ва мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашдик, тажриба алмашдик.

Тошкентга саёҳатимизнинг иккинчи куни Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида учрашув бўлди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасининг бир гуруҳ илғор вакилларини мукофотлаш тўғрисида фармон қабул қилинганини эшитдим. Учрашувда ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди. Сафдошларимизни олқишлаб, уларнинг қувончидан қалбим ғурурга тўлиб турганда менинг ҳам исм-шарифимни ўқиб қолишса, денг. Қулоқларимга ишонмайман, кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Мукофотни кўксимга тақиб қўйишганида бўйим осмон қадар юксалди-ёв!

Шу кезда бундан қирқ йиллар аввал мактабни битириб, фермада сут соғувчи бўлиб ишлаганиму ўзим пул топиб, минг бир машаққат билан институтда ўқиганим, кейин бир неча йиллар жамоа хўжалиги фермасида меҳнат қилган бўлсам-да, қадр-қиммат топмаганим ёдимга тушиб, ўксиндим. Истиқлол туфайли Ургутда биринчилар қатори фермер бўлиб, косам оқаргани, қишлоқдошларимга озми-кўпми нафим теккани, эл корига яраётганимдан, камтарона меҳнатим давлатимиз томонидан юксак эътироф этилганидан қалбим ғурурга тўлди. Шу кунларга етказган парвардигорга шукроналар айтдим.

Аллоҳга шукр, бугун ургутлик фермерлар орасида ўз ўрнимга эгаман. Вилоят, туман раҳбарлари, сафдошларим ҳурматимни жойига қўйишади. Маслаҳат сўрайди. 19 гектарлик еримизда ғалла, тамаки, сабзавот маҳсулотлари етиштириб, зиммамизга олган мажбуриятларни бекаму кўст адо этяпмиз. Меҳнатимиздан манфаатдорлигимиз юқори, дастурхонимиз тўкин-сочин, омборларимиз донга тўла. Муҳими, эртанги кунимиздан кўнглимиз тўқ. Янги режаларимиз, лойиҳаларимиз бор.

Тўққизинчи декабрь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида байрам тадбирида қатнашдик. Биринчи марта ушбу кошонага кирдим. Мен каби яна минглаб фермер ва деҳқонлар ҳам илк бор мазкур муҳташам бинонинг меҳмони бўлди.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини самимий табриклаб, юракдан очиқ гапиришлари барчамизни тўлқинлантириб юборди. Айниқса, "Узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган инсон сифатида менинг турли соҳа вакиллари орасида дўстларим, танишларим кўп. Лекин қалбимга энг яқин инсонлар, қадрдонларимнинг энг кўпи мана шу соҳа – қишлоқ хўжалиги тармоқларида, десам, ишонинглар, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Бу билан мен, албатта, доимо чин дилдан фахрланаман, сизларни қалбимга, юрагимга энг яқин ва азиз инсонлар, деб биламан”, дейишлари кўксимизни тоғдек кўтарди. Шундай юрт фуқаролари эканимиздан ғурурландик.

Деҳқонларда шундай гап бор – деҳқон бир тўйиб ухласа, бир йиллик кучга энади. Биз, фермерлар Президентимизнинг алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги туфайли бугун шунчалик улкан ҳурмат-эҳтиром кўраяпмизки, бу бизга ўн йиллик куч-ғайрат бахш этади, меҳнатга иштиёқ уйғотади. Жумладан, пойтахтимизда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тадбирлардан олган таассуроту ҳаяжонларимиз, рағбат ва эътибор бизни янги зафарлар сари илҳомлантиради. Буни албатта, ўз меҳнатимиз билан намоён этамиз.

Барно Мамадалиева,
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги
“Ғалаба” фермер хўжалиги раҳбари,
“Дўстлик” ордени соҳиби.

ЎзА
7 784