ЎзА Ўзбек

06.08.2018 13:06 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – дин ва эътиқод эркинлигининг янги даврида

Ўзбекистон – дин ва эътиқод эркинлигининг янги даврида

Дунё аҳли бугун инсоният тараққиётининг кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичида яшамоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир”.

Шу нуқтаи назардан, жорий йил 24-26 июль кунлари АҚШ пойтахти – Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган диний эркинликларни таъминлаш бўйича вазирлар конференцияси муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур тадбир Америка жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситаларининг диққат марказидан ўрин олди. 

Бу бежиз эмас. Чунки биринчидан, бу мавзудаги нуфузли анжуман АҚШ тарихида илк бор ташкил этилган бўлса, иккинчидан, унда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 600 нафар вакил – ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, диний раҳнамолар ва фуқаролик жамияти фаоллари қатнашди.

АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг таклифига биноан конференцияда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этди. Делегация раҳбари анжуман иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг: “Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди”, деган даъватининг туб моҳияти ва бу борадаги ташаббусларининг аҳамияти ҳақида атрофлича сўзлаб берди.

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида кейинги даврда мамлакат Президенти бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ушбу ташаббусларнинг замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчиликда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги барча фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитларни яратди. Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир. Ҳар йили 16 ноябрда Халқаро бағрикенглик кунини нишонлаш анъанага айланган.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббус кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланганини алоҳида қайд этиш даркор. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсадларидан бири бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймасликка ёрдам бериш ҳисобланади.

Кейинги даврда Самарқандда – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда – Ислом цивилизацияси маркази, Бухорода – Мир Араб олий мадрасаси, Термизда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Қаршида – Абу Муин Насафий зиёратгоҳи реконструкция қилиниб, ушбу маърифат марказида ақида илми мактаби ташкил этилмоқда. Жорий йил Ўзбекистонинг Ислом академияси илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўйича ўз фаолиятини бошлади.

Вашингтон конференцияси иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борада қабул қилган муҳим қарорлари Президент Дональд Трампнинг Ар-Риёдда Экстремистик идеологияга қарши кураш бўйича Глобал марказ таъсис этиш тўғрисидаги ғояси билан ҳамоҳанг эканини эътироф этдилар. Энг муҳими, Ўзбекистон раҳбариятининг жамиятни модернизациялаш ва эркинлаштириш жараёнини изчил давом эттириш масаласига қатъий ёндашаётгани ва бу борада таъсирчан ва самарадор чора-тадбирларни амалга ошираётгани туфайли мамлакатимиз Вашингтон анжуманида юксак баҳо олган ягона давлат бўлди.

АҚШ Давлат котиби М.Помпео конференцияни очар экан, қачонки диний эркинлик равнақ топса – мамлакат равнақ топишини қайд этиб, бунга Ўзбекистонни ёрқин мисол сифатида келтирди. “Биз Ўзбекистоннинг янада эркин жамият барпо этиш йўлидаги одимларини қутлаймиз. Ишончимиз комилки, диний эркинлик тўғрисидаги фармон мамлакатга, унинг жамоатчилигига, умуман, минтақага илгари кузатилмаган даражада изчил ижобий самаралар келтиради”, деди АҚШ Давлат котиби.

Гап шундаки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелда “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини янада оширишга қаратилган.

Вашингтон анжуманида маъруза қилган АҚШ Вице-президенти М.Пенс диний эркинликларни илгари суриш ҳозирги Америка маъмурияти учун асосий устувор масалалардан бири эканини таъкидлади. Бинобарин, диний эътиқод ва виждон эркинлиги – инсоннинг асосий ҳуқуқларидандир. М.Пенснинг қайд этишича, “Ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 83 фоизи диний эркинликлар камситилаётган ёки бундай эркинликларга таҳдид солинаётган мамлакатлар ҳудудида яшайди”.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари 25 июль куни Вашингтондаги Миллий матбуот клубида “Ўзбекистонда диний эркинликларнинг янги даври” мавзуида махсус брифинг ўтказди. Улар брифинг қатнашчиларига мамлакатда диний эркинликларни таъминлаш ва маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумотларни тақдим этдилар.

Брифингда Америка томонидан – Глобал жалб этиш институти президенти Ж.Чен Вашингтондаги Вазирлар конференцияси доирасидаги мулоқотларда турли мамлакатлар вакиллари асосан дунё миқёсида диний муросасизлик негизидаги таъқиблар кўпайиб, аксинча, бу борадаги эркинликлар тобора қисқариб бораётганига эътибор қаратганини таъкидлар экан, шу аснода “Ўзбекистон бу соҳадаги ягона умид шуъласи ва эзгу янгиликлар манбаига айлангани”ни эътироф этди.

Ўз навбатида, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Марказий Осиё бўйича директори Ж.Колберт Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев Президент сифатида фаолият бошлаганидан буён ўтган қисқа даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, болалар меҳнатига барҳам бериш, ижтимоий адолат ўрнатиш ва жамиятнинг янги ғояларга очиқлигига эришиш йўлидаги ислоҳотлар натижасида ниҳоятда улкан ижобий силжишларга эришгани ҳақда баёнот берди. Ж.Колбертнинг қайд этишича, “Бу ўзгаришлар нафақат мустаҳкам ижтимоий барқарорликни таъминлашга, балки Америка бизнеси учун республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади”.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, АҚШ Конгресси ва Давлат департаментида ҳам учрашувлар ўтказди. Хусусан, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли билан суҳбат чоғида Ўзбекистон – Америка мулоқотини ҳар томонлама ривожлантириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва АҚШ парламентарийлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида алоҳида эътибор парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштиришга қаратилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон раҳбари билан учрашган конгрессменлар гуруҳи таркибида бўлган Трент Келли Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлардаги ижобий тенденцияни қўллаб-қувватлашга қизиқишини тасдиқлади.

АҚШ Конгресси делегациясининг Ўзбекистонга 2017 йил ноябрдаги ташрифига раҳбарлик қилган конгрессмен Т.Келли Ўзбекистон ва АҚШ парламентлари ўртасидаги ташрифлар алмашинуви амалиётини давом эттириш, шунингдек, икки мамлакат қонунчилик органларида дўстлик гуруҳларини яратиш орқали долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишни кенгайтириш истагида эканини билдирди. “Мен Конгресс аъзоларига янги Ўзбекистонни кўрсатмоқчиман”, деди АҚШ конгрессмени.


Шундай қилиб, Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган диний эркинликларни илгари суриш бўйича вазирлар конференциясида Ўзбекистоннинг дин ва эътиқод эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларининг самаралари эътироф этилгани, шубҳасиз, бу борада бизга янада катта рағбат бағишлайди.

photo5422789463156828548.jpg

Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори

ЎзА
7 798