Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 10:29 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон делегацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 67-сессиясида иштирок этмоқда

Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтаётган сессияда соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси делегацияси иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Тадбир кун тартибига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директорининг 2016-2017 йилларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2019-2023 йилларга мўлжалланган умумий иш дастури, “Саломатлик – 2020” сиёсатини амалга ошириш, Европа минтақавий бюросига аъзо давлатлар ўртасида дори-дармон таъминоти билан боғлиқ алоқаларни яхшилашга доир бир қатор долзарб масалалар муҳокамаси киритилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 2012 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган йиллик сессиясида унга аъзо 53 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам “Саломатлик – 2020” стратегиясини қўллаб-қувватлаган эди. “Саломатлик – 2020” стратегияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, инсон саломатлиги ва келажак авлод камолотига салбий таъсир этадиган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишга йўналтирилган. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда ушбу стратегияни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва кўрсатмалари асосида юртимизда бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар бугун янги босқичда давом этмоқда.

Сессия иши давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг ЖССТ Европа минтақавий бюросига аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан бир қатор учрашув ва музокаралар олиб бориши кўзда тутилган.

Ушбу сессия 14 сентябрга қадар давом этади.

ЎзА
1 964






Все о погоде - Pogoda.uz