ЎзА Ўзбек

05.06.2019 15:01 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессияси раиси ўринбосари лавозимига сайланди

Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессияси раиси ўринбосари лавозимига сайланди

БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг навбатдаги 74-сессияси раиси ўринбосари лавозимига сайланди.

Таъкидлаш жоиз, Бош Ассамблея ташкилотга аъзо барча давлатлар вакиллари кўрсатилган маслаҳат органидир. Ушбу орган тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, қуролсизлантириш, ривожлантириш, қашшоқликка барҳам бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун масъулдир. Бош Ассамблея кенг доирадаги халқаро масалаларни кўриб чиқади ва улар бўйича ечимлар қабул қилади.

Ўзбекистон билан бир қаторда БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессияси раиси ўринбосари лавозимига Индонезия, Уммон, Сингапур, Туркия, Хорватия каби давлатлар вакиллари ҳам сайланди.

Раис ўринбосарларининг асосий ваколатлари доирасига раис иштирок этмаган тақдирда Бош Ассамблея ялпи мажлисларини очиб бериш ва ёпиш, ялпи мажлисларда муҳокамаларни бошқариш, мажлислар давомида тартибни сақлаш, хусусан, ташкилотга аъзо давлатларга сўз бериш, овоз беришга саволлар киритиш, шунингдек, улар бўйича ечимларни эълон қилиш кабилар киради.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг ушбу юқори лавозимга сайланиши мамлакатимизнинг минтақада ва бутун дунёда дўстона муҳитни ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, барқарор ривожланишга қаратилган ташқи сиёсати жаҳон ҳамжамияти ва БМТ раҳбарияти томонидан тўлақонли қўллаб-қувватланишидан далолат беради, дейилади “Дунё“ ахборот агентлиги хабарида.

ЎзА
11 368