ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Актау порти орқали дунёга чиқади

Ўзбекистон Актау порти орқали дунёга чиқади

Қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Актау шаҳри азалдан кўплаб давлатларни бир-бирига боғлаб турган ҳалқа вазифасини ўтаган.

Бироқ йиллар тўфони бу қадимий ва машҳур йўлга соя солгани каби бу шаҳарда ҳам дунё билан алоқалар узилган пайтлар ҳам бўлган. Бироқ, Қозоғистон мустақиллиги бу давлатни янги қиёфада кашф этганидек, унутилган йўллар яна қайта тикланди.

Ҳозир Актау порти энг ривожланган қулай портлардан бири бўлиб, бу ердан Эрон, Россия, Грузия, Арманистон, Туркия, Туркманистон, Озарбайжон каби давлатларга сув йўли орқали бориш мумкин. Ҳозир ушбу давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар тобора ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Актау порти билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиши ана шундай катта имконият яратади. Зеро, мазкур шаҳарда мамлакатимиз бош консуллиги очилгани замирида ана шундай юксак мақсадлар ҳам мужассам.

“Актау халқаро денгиз порти” миллий компанияси” акциядорлик жамияти Президенти Абай Турикпенбаевнинг айтишича, Касбий денгизи шарқ ва ғарбни, жануб билан шимолни бир-бирига боғловчи асосий халқаро транспорт коридорига айланиб бормоқда. Шу мақсадга қаратилган йўналишлар очилгани Буюк ипак йўлига қайта жон бағишлади. Бу йўлдан контейнерли “Актау-Баку” кемалар карвони қатнаб турибди. Каспий денгизи орқали Хитойдан Европа ва Туркияга қатновчи янги логистик йўллар ривожланиб бораётгани нафақат Қозоғистон, балки Марказий Осиё минтақасида жойлашган барча давлатлар ривожига ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг Актаудаги бош консуллиги ходимлари ҳам портнинг аҳамиятли томонларини инобатга олиб, ўзбек миллий компанияларини зарур ахборотлар билан таъминламоқда. Бунга қизиқиш билдираётган компания вакиллари ва порт раҳбарияти ўртасида музокаралар ҳам бўлиб турибди.

Масалан, “Ўзбекистон темир йўллари” миллий компанияси вакиллари Актауда бўлиб, шарт-шароитлар билан танишган. Келгусида Ўзбекистондан портга элтувчи темир излар келса ажаб эмас. Бу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорига янада кенгроқ кириб боришига йўл очади.

photo5253706139835673834.jpg

Ўзбекистон шаҳарлари билан Актау ўртасида авиайўналишлар очилиши эса нафақат туристик алоқалар, балки савдо-иқтисодий, инвестицявий ҳамкорлик тараққиётга замин яратади.

Ҳозир ҳам ҳар жиҳатдан ривожланиб бораётган Актауда ўзбекистонлик инвесторлар кам эмас. Бу ерда мавжуд бўлган айрим супермаркетлар тармоғи, ресторанларни асосан ватандошларимиз очиб, юритмоқда. Аммо ҳар хил муаммоларга дуч келмаслик учун уларнинг айримлари бу ерда фуқароликни қабул қилган. Бир қарашда уларни юртдан кечган, десангиз, бироқ улар Ватандан асло кечмаган! Ахир уларнинг бутун ҳаракати бошқаларга Ўзбекистонни танитиш, ўзбек миллий либосларини, таомларини тортиқ қилиб, ўзлигини тан олдиришга қаратилган.

Бу ердаги ватандошларимизнинг кўпчилиги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятидан кўчиб келганига гувоҳ бўлдик. Маҳаллий тилни ҳам яхши ўзлаштиришган. Лекин “Хоразм лазгиси” жарангласа, улар ўрнида ўтира олмайди. Уларга қараб Ватан туйғуси – энг буюк туйғу эканини ҳис этасиз.

Кўпинча биз бошқа юртга кетганларга “ватан хоини”дек қараймиз. Аммо айрим давлатлар ўз қарашларини сингдириш учун ҳам бошқа давлатларга одамларини юбориш, ҳеч бўлмаса, пул тўлаб бўлса ҳам тилини ўргатишга итилаётганини кузатамиз. Бугунги кунда давлатлар ривожи ўз йўлида давом этаётгани билан дунёвий интеграциялашув кучайиб бораётгани сир эмас.

Шу жиҳатдан Ўзбекистоннинг Актаудаги бош консули Нодир Турғунов мазкур ҳудудда меҳнат қилаётган нафақат фуқароларимиз, балки бу ерда доимий яшаётган ўзбекистонликларнинг бошини бирлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ўзбек тилидан дарс берувчи синфлар ҳамда олий ўқув юртида факультетлар очилиши устида иш олиб бормоқда. Ўзбек тили куни, Наврўз каби миллий байрамларни муносиб нишонлаш режалари аллақачон тузиб қўйилган.

4 107
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА