ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбек журналистикаси ХХ асрнинг илк йилларида қандай бўлган?

Ўзбек журналистикаси ХХ асрнинг илк йилларида қандай бўлган?

Юртимиз олимлари, зиёлилари, тарихчилари, филологлари, журналистлари “ХХ аср биринчи чорагида Туркистон миллий матбуоти саҳифаларида ислоҳотчилик ғояларининг ёритилиши“ мавзусидаги илмий-амалий анжуманда жам бўлди.

Анжуман “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ёнида қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш маросими билан бошланди. Сўнг Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида илмий анжуман давом этди. Анжуманда ХХ аср биринчи чорагида Туркистон миллий матбуоти саҳифаларида эълон қилинган ватанпарварлик руҳи билан суғорилган материалларнинг халқ ижтимоий-сиёсий тафаккурини уйғотишдаги роли, мустамлакачилик зулми остида эзилган миллатни уйғотиш, унинг онгига миллий бирлик, эрк, ҳуррият, миллий тараққиёт ғояларини сингдиришга қаратилган адабий ва публицистик асарларни ўрганиш натижалари хусусида сўз борди.

Олимлар ўзбек халқининг миллий уйғониши, ижтимоий зулм исканжасидан қутулиши, эрк ва ҳуррият, миллий бирлик ва тараққиёт байроғи остида бирлашувида ўша давр матбуотнинг ўрни ва роли, нашрларнинг мактаб, маориф, миллий тарих, истиқбол муаммоларини ёритишдаги аҳамияти, илк миллий нашрларнинг ўзбек матбуоти ва адабиётига таъсири ҳақида маълумот берди.

Туркистонда дастлабки тараққийпарвар миллий газеталар 1905-1907 йилларда фаолият кўрсата бошлаган. Уларнинг йўлини ХХ асрнинг биринчи чорагида чоп этилган “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Эл байроғи”, “Нажот”, “Турон”, “Ойина”, “Самарқанд”, “Ҳуррият”, “Турк сўзи”, “Улуғ Туркистон” каби бир қатор газета ва журналлар давом эттирди. Миллий нашрлар ўзбек халқининг мустамлакачилик кишанларидан халос бўлиши йўлида қизғин фаолият олиб бориб, оғир ижтимоий, иқтисодий ва маданий шароитда яшаётган халқни эрк ва ҳуррият, миллий бирлик ва тараққиёт ғоялари руҳида тарбиялашга катта эътибор берди. Шу даврда Чўлпон, Авлоний, Қодирий, Тавалло, Мискин сингари шоирлар, У.Хўжаев, С.Миржалилов, Т.Норбўтабеков каби жамоат арбоблари миллий қолоқлик ва жаҳолатга қарши халқ ва жамият ҳаётига маърифатпарварлик ғояларини олиб киришга, халқни эрк, ҳуррият ва миллий тараққиёт байроғи остида бирлаштиришга қаратилган шеър ва публицистик мақолаларни эълон қилди. Анжуман давомида шу ҳақдаги маърузалар тингланди.

– “Ёш куч”нинг ўтмишдоши бўлган журналлар билан танишдим, ўргандим, – дейди Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими Баҳром Ирзаев. – Маълумки, ёшлар янгилик излайдиган, ҳамиша бир қадам олдинда юрадиган, нималарнидир яратишга уринадиган қатлам ҳисобланади. Ҳар қандай даврда ҳам буни кўриш мумкин. Бу ўша даврда ҳам кўзга ташланган. Анъаналар яратилган. Журналистикамизда қандай қадамлар қўйилган эди? Кимлар фаолият юритган? Уларнинг фикрлари, қарашлари қандай бўлган? Шу йўналиш менга жуда қизиқ бўлди ва ўргандим. Шу топган, ўрганган маълумотларимни конференцияда тақдим этдим.

Анжумандаги маълумотлар Ватанимиз тарихига оид муҳим маълумотларни илмий муомалага киритишга, уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти, баркамол авлодни тарбиялашдаги ўрнини белгилаб беришга хизмат қилади. Шунингдек, ХХ аср боши матбуотидаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-адабий мавзуларни тадқиқ қилиш тегишли давр тарихи, ижтимоий, сиёсий муаммоларини мустақиллик ғояси нуқтаи назаридан илмий ва холис баҳолаш ҳамда илмий тўғри хулоса чиқариш имконини беради.

854
Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА