ЎзА Ўзбек

14.09.2018 20:34 Чоп этиш версияси

Ўзбек ипак матолари, миллий қадриятлари намойиши

Ўзбек ипак матолари, миллий қадриятлари намойиши Марғилондаги миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида “Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Д.Бадарч ва бошқалар мамлакатимизда номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, миллий ҳунармандликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, атлас, адрас, зардўзлик ва каштачилик сингари миллий маҳсулотларимизни кенг тарғиб этишда ушбу анъанавий фестивалнинг алоҳида ўрни бор. ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ҳунарманд“ уюшмаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда бу янада яққол намоён бўлди.

33.JPG

Айниқса, кейинги йилларда уста-ҳунармандларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга турли имтиёз ва имкониятлар берилаётгани миллий ҳунармандликнинг ажралмас қисми бўлган атласчиликда ҳам янги даврни бошлаб берди. Ҳунармандлар фаолиятини рағбатлантириш, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ва кенгайтириш орқали кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

“Атлас байрами” фестивалида Хитой, Жанубий Корея, Франция, Германия каби 30 дан ортиқ давлатдан меҳмонлар иштирок этаётгани унинг нуфузи тобора ошиб бораётганидан далолатдир.

Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида ўтказилган маҳорат сабоқларида 60 дан ортиқ иштирокчи ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида билим ва кўникмасини оширди. Машғулотларда фаол иштирок этган қатнашчиларга ташкилотчилар томонидан гувоҳномалар топширилди.

– Испания ва Ўзбекистонни кўплаб халқаро масалаларда нафақат фикр ва позициялар якдиллиги, балки маданиятлар умумийлиги ҳам бирлаштириб туради, – дейди испаниялик Анник Зебиа-Мелсан. – Испанияда ҳам тарихий анъаналарга ҳурмат билан қаралади ва қадрланади. Бу ерда ранг-баранг матоларни кузатиб, жуда ҳайратландим. Юртингизда бўлиб турганимдан ниҳоятда хурсандман. Ушбу фестивалда кейинги йил ҳам албатта қатнашаман.

34.JPG

Ўзбекистоннинг дунё сари очиқлик сиёсати хорижий инвестициялар жалб этиш, туристлар оқимини кўпайтириш учун ноёб имконият тақдим этади. Юртимиз табиий ресурсларга, қадимий меъморий ёдгорликларга, энг муҳими, интеллектуал салоҳиятга бой мамлакатдир. Айни шу жиҳатлар туфайли ҳам бу йилги миллий матолар байрамида иштирокчи давлатлар сони кескин ортди.

– Ўзбек ва Хитой ипаклари бир-бирига ўхшаш, – дейди Хитой миллий ипак музейи ходими Янг Чоу. – Буюк ипак йўли эса икки халқнинг қадриятларини ҳам ўзида мужассам этган. Юртингизда ипак матоларни дунёга танитишда салмоқли ишлар олиб борилаётгани нафақат ҳунармандларнинг, балки ўзининг меҳнатсеварлиги ва меҳмондўстлиги билан ном қозонган халқингизнинг хизматидир. Бу фестивалнинг эътирофга арзирли яна бир жиҳати шуки, анжуман дўстлик ва ҳамкорлик ришталарининг мустаҳкам бўлиши, ўзаро алоқалар ривожида муҳим роль ўйнайди.

Байрам шукуҳи ижодкорлар боғида давом этди. Юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ҳунарманд-усталар ўзларининг сара маҳсулотларидан тайёрланган кўргазмани намойиш этди. Кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, тикувчилик ва бошқа ҳунар турларининг ёрқин намуналари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида ош танлови ҳам ўтказилди. Унда Марғилондаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари ошпазлари гуруҳларга бўлинган ҳолда баҳслашди. Тансиқ ва ўзига хос паловлар меҳмонларга тортиқ қилиниб, шу орқали ғолиблар аниқланди. Унга кўра, мутлоқ ғолиблик Косибчилик гуруҳига насиб этди. Иккинчи ўринга Ариқбўйи ва Чароғон, учинчи ўринга Пичоқчи, Ватан, Милтиқсоз гуруҳлари сазовор бўлди.

45.JPG

– Фарғона паловлари жуда мазали экан, – дейди қорақалпоғистонлик ёш дизайнер Гулдона Аҳмедова. – Маҳорат дарсларида қорақалпоқ ва ўзбек нақшлари уйғунлигида либослар яратиш бўйича сабоқ олдим. Соҳанинг етук вакилларидан тажриба ўргандим. Фаол иштирок учун сертификат билан тақдирландим.

“Буюк ипак йўлида Шарқ ва Ғарб маданиятининг ўзаро таъсири: Ханчжоу, Марғилон, Валенсия” мавзусида ўтказилган илмий конференцияда хорижлик мутахассисларнинг абрли матоларни тиклаш ва тайёрлаш, халқ амалий санъатини ривожлантиришга оид маърузалари тингланди.

Ёш дизайнерлар томонидан тайёрланган либослар намойиши ҳам иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига ЮНЕСКОнинг махсус сертификати топширилди.

Ўзбек ипак матолари атлас ва адрас тўқиш технологияси ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига, ўзбек шойи матолари – атлас ва адрасни тайёрлаш Марғилон қадимий технологияси ЮНЕСКО томонидан Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича илғор тажрибалар реестрига киритилди.

Фестиваль якунида ёш дизайнерларни тақдирлаш маросими бўлади ва гала-концерт ташкил этилади.

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат) ЎзА
2 693