Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 14:18 Чоп этиш версияси

“Зарафшон”га муҳаррирлик қилган

Тарихи 1913 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан ташкил этилган “Самарқанд” газетаси билан бошланган бугунги “Зарафшон” газетасида ўзбек журналистикасининг тамал тошини қўйган, унинг ривожига катта ҳисса қўшган кўплаб улуғ алломалар, давлат ва жамоат арбоблари фаолият кўрсатган.

Газетага муҳаррирлик қилган маърифатпарварлар – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Саид Ризо Ализода, Ҳожи Муин Шукрулло ўғли, ўз даврининг илғор зиёлилари Ғози Юнус, Маъруф Расулий, Абдулҳамид Мажидий, Раҳим Шокирбеков, Раҳмат Мажидий қаторида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов номи ҳам алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан тилга олинади.

Шароф Рашидов Жиззах педагогика билим юртини битириб, маълум муддат мактабда ўқитувчилик қилгач, 1937-1941 йилларда Ўзбек давлат университети (ҳозирги Самарқанд давлат университети)нинг филология факультетида таҳсил олади. Ўқиш билан бирга, 1938 йилдан бошлаб газета таҳририятида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, муҳаррир сифатида фаолият кўрсатади.

1941 йилда Шароф Рашидов ҳам фронтга сафарбар этилади. Икки йил Шимоли-ғарбий фронтда ҳаёт-мамот жангларида қатнашади. Ана шу йилларда ҳам таҳририят билан алоқани узмай, ўзбек жангчиларининг урушдаги жасорати ҳақида газетага хабарлар юбориб туради. Урушдан қайтганидан сўнг 1943-1944 йилларда яна газетага раҳбарлик қилади.

– Ўша йиллардаги газета тахламларида Шароф Рашидов имзоси билан эълон қилинган кўплаб долзарб мақолалар, таҳлилий-танқидий материалларни кўриш мумкин, – дейди “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев. – Шу билан бирга, унинг кўплаб шеър ва ҳикоялари чоп этилган. Таҳририятда фаолият бошлаётган ёшларни газетанинг ўзига хос ижодий мактаби анъаналарини ўрганишга даъват этганимизда Шароф Рашидов ёзган мақолаларга алоҳида эътибор қаратишни, улуғ ёзувчи, журналистнинг сўз қўллаш маҳорати, мавзуни ёритиш услубидан намуна олишни таъкидлаймиз.

Таҳририят қошидаги “Матбуот тарихи музейи”да Шароф Рашидовнинг газетадаги фаолиятига оид ҳужжатлар, қўлёзма ва фотосуратлар ўрин олган. Бу қимматли ашёлар буюк давлат ва жамоат арбобининг журналистик фаолияти ҳақида маълумот бериш билан бирга, миллий матбуотимизнинг ўтган аср ўрталаридаги тарихини ўрганишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади.

Музейда сақланаётган газета тахламлари орасида 1943 йил 8 майдаги сони эътиборимизни тортди. Унда “Шароф Рашид” имзоси билан “Дўстга мактуб” деб номланган шеър чоп этилган. 16 мисрадан иборат шеърда, жумладан, бундай сатрлар бор:

Кўзингнинг қораси бўлмиш диёринг,

Диёринг сақламоқ номусинг, оринг.

Сени жанг қаҳрамон қайта яратди,

Ё ўлим, ё ҳаёт бўлди шиоринг...

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини “Зарафшон” газетаси ходимлари ҳам катта мамнуният билан кутиб олди. Айни пайтда газетада Шароф Рашидовнинг журналистик фаолиятига оид материаллар, суратли лавҳалар, фахрий журналистларнинг у киши ҳақидаги хотиралари эълон қилинмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 570






Все о погоде - Pogoda.uz