ЎзА Ўзбек

03.03.2018 11:05 Чоп этиш версияси

Зангиотада Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги аёллар жазони ижро этиш муассасасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, билиб-билмай жиноят қилган аёлларни тўғри йўлга қайтариш ҳамда оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш, иш билан таъминлаш, ёлғиз ва кўмакка муҳтожларига ёрдам кўрсатиш, соғлиғини тиклаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

– Фонд томонидан тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бўлим бошлиғи Фирдавс Холиқов. – Бу борада фонд халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиб, турли ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Бугунги байрам тадбири ҳам жазони ижро этиш муассасадаги аёлларнинг кўнглига илиқлик олиб кириш, уларни байрам муносабати билан табриклаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир доирасида намойиш этилган "Суғдиёна" халқ чолғулари миллий камер оркестрининг концерт дастури барчага байрамона кайфият бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
12 701