Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 18:24 Чоп этиш версияси

Зангиота тарбия колониясидаги ўсмирнинг иқрори: Кеч бўлса ҳам озодликнинг қадрини англадим

Тошкент вилоятидаги Зангиота тарбия колониясида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган ёшларни тўғри йўлга солиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда келгусида жамиятимизга нафи тегадиган инсон бўлишига ёрдам бериш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Рассом ва ҳунармандлар томонидан муассаса тарбияланувчиларига тасвирий санъат, кулолчилик, наққошлик ва хаттотлик каби кўплаб йўналишларда амалий дарслар ўтказилди. Ўз навбатида, ёшлар ҳам ижодий ишларини мутахассисларга намойиш этиб, улардан зарур тавсия ва маслаҳатлар олди.

Фарғоналик Жаҳонгир Муллажонов ҳам вақтида ота-онаси, устозлари гапига кирмай, болалик шўхликларига йўйиб, ўйламай қилган жиноятига яраша жазосини олди. Эндиликда қилмишидан тўғри хулоса чиқармоқда. Муассасада ўтказилаётган "Истеъдод", "Билимлар беллашуви" ва "Жаҳолатга қарши маърифат" сингари турли тадбирларда фаол қатнашиб, касб-ҳунар ўрганмоқда. У бўш вақтида турли суратлар чизиш билан шуғулланади.

– Кеч бўлса ҳам озодликнинг қадрини англадим, давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиш кераклигини тушундим, – дейди муассаса тарбияланувчиси Ж.Муллажонов. – Афсус, ота-онамнинг насиҳатларидан вақтида тўғри хулоса чиқармадим. Бекорчиларга қўшилиб, ўзим билмаган ҳолда жиноят кўчасига кириб қолдим. Болалигимда отамдан косибликни ўрганган бўлсам ҳам бугун уларнинг ёнида ҳалол меҳнат қилиб, ҳунарини давом эттиролмаганимдан жуда афсусланаяпман. Қилмишимдан жуда пушаймонман. Энди ҳаётимни тўғри йўлга соламан, ишлайман, оиламга наф келтираман.

Тарбия колониясида фаолият юритаётган устоз ва мураббийлар меҳнати туфайли 2017 йилда Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди томонидан ўйламай қилган жинояти қандай оғир оқибатларга олиб келганини тушунган 11 нафар муассаса тарбияланувчисининг жиноят иши қайта кўриб чиқилди. Бу ердаги дарс ва турли тадбирларда фаол қатнашган, намунали хулқи билан бошқаларга ибрат бўлган бу ёшлар афв этилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон маданият ва санъат кўргазмаси томонидан ташкил этилган тадбирда Республика ёш ижодкорлар кенгаши ходимлари, халқ амалий санъати усталари, шоир-ёзувчилар, рассомлар, уста-ҳунармандлар иштирок этди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
6 388