Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 15:52 Чоп этиш версияси

Замонавий технологиялар амалиётга

Замонавий технологиялар амалиётга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилояти филиали фаолиятидан аҳоли жуда мамнун.

Мазкур шифохонада 3 миллиард 200 миллион сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди. Шифо маскани мажмуаси бутунлай янгича, замонавий қиёфа касб этди. Шифохонада, жумладан, 120 қатновга мўлжалланган поликлиника бўлимида беморлар учун барча шароит яратилган. Замонавий тиббиёт ускуна ва воситалари хизмат кўрсатиш сифатини янада оширга хизмат қилмоқда.

Рақамли маммограф, микротом, микроскоп, дуоденофиброскоп, колонофиброскоп, бронхофиброскоп, тиббий музлатгич, Siemens мультиспирал компьютер томографи, юқори частотали электрокоагулятор аппаратлари ташхислаш ва даволаш ишларига қўл келмоқда. Бу ерда илмий-тадқиқот олиб бориш имконияти ҳам кенгайди. Шунинг учун муассасага ўтган йили Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилояти филиали мақоми берилди.

“Аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференциянинг 2017 йил 27-28-октябрь кунлари Наманганда ўтказилгани ҳам вилоятда онкологик тиббий хизмат кўрсатиш даражаси юксалиб бораётганидан далолат беради. Анжуманда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, шунингдек, Россия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Дания мамлакатларининг шифокор-олимлари, онколог-жарроҳлари илмий маърузалари билан қатнашди. Анжуман доирасида бир неча беморлар билан мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Маҳаллий мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашилди.

3.jpg

– Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда янги истиқболларни очди, – дейди филиал бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Ш.Ҳотамов. – Бундан кутилган мақсад ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимини янада шакллантириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини такомиллаштириш, аҳолига, шу жумладан, минтақаларда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг натижадорлиги, сифати ва ундан фойдаланиш даражасини тубдан оширишдан иборатдир. Айни пайтда мазкур қарор асосида соҳани такомиллаштириш борасидаги илмий-амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.

2017-2021 йилларда вилоятда онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастури асосида хорижий давлатлар, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредит ва грантлари ҳамда бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш тадбирлари ҳам ўз самарасини бераётир.

Филиалга 2017 йилда Япония гранти асосида қиймати 100 минг доллар бўлган энг замонавий Fuji маммографи ускунаси ўрнатилди. Мазкур аппарат аёллар сут безидаги саратон касаллигини юқори даражали аниқликда кўрсатиб бериш имкониятига эга. Шунингдек, БМТ гранти асосида қиймати 1 миллион 500 минг доллорлик нурлантирувчи аппаратлар ҳам келтирилди.

Бугунги кунда 140 ўринли мазкур шифо масканида қирқдан зиёд шифокор ва юзга яқин ўрта тиббиёт ходими аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Филиалнинг поликлиника бўлими 120 қатновга эга. Дарвоқе, поликлиника хусусида гап кетганда бу борадаги муаммони ҳам айтиб ўтиш жоиз. У шифохона асосий корпусининг биринчи қаватида жойлашган. Юқори қаватларда эса стационар-клиник бўлимлар фаолият кўрсатади. 120 қатновга мўлжалланган поликлиникада бугунги кунда 200-250 бемор қабул қилинаётгани бу ерда ноқулайликлар туғдирмоқда. Асосийси, мазкур шифо масканига қўйилган тиббий-санитария талабларига кўра, поликлиника ва стационар даволаниш бўлимлари алоҳида биноларда бўлиши керак.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
8 182