Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.01.2018 20:32 Чоп этиш версияси

ЎзАда танқид қилингач: Тошлоқ туман ҳокими нима дейди?

2018 йил 15 январь куни ЎзА сайтида Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бозорларидаги нохуш ҳолатлар қаламга олинган “Фототанқид: бозорми бу ё озор!” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақолага туман ҳокими Ҳ.Умаров жавоб хати йўллади. 

Қуйида хатни аслидагидек келтирамиз:

“Фототанқид: бозорми бу ё озор!” деб номланган танқидий мақола туман ҳокимлигининг йиғилишида ўрганиб чиқилиб, йўл қўйилган камчиликларни тезлик билан бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

“Деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти 2019 йилда қайта таъмирлаш бўйича дастурга киритилган бўлиб, вилоят ҳокимлиги томонидан жорий йилда қурилиш ишларини бажариш режалаштирилди. Шунингдек, ҳар икки ҳудудни ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш, сотувчи ва харидорлар учун етарли шароитлар яратиш ишлари амалга ошириш бошланди.

Туман давлат солиқ инспекцияси томонидан “Файз барака” савдо комплекси ва унинг атрофидаги 6 та савдо шахобчасига банк терминали ва назорат касса машиналари ўрнатилди. Шунингдек, бугунги кунда комплекс ҳудудида савдо билан шуғулланаётганлар сони 34 тани ташкил қилмоқда. Қолган савдо расталарида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.04.2010 йилдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-1326-сонли қарори асосида ишлаб келмоқда. Ҳар икки бозорга йиллик тушум режаси ортиғи билан бажарилиши таъминланмоқда. Жорий йилда имкониятдан келиб чиқиб, тушумларни кўпайтириш тадбирларини олиб борамиз.

Тегишли ташкилот раҳбарларига йўл қўйган камчиликлари учун огоҳлантириш берилди. Келгусида туманимизда бундай камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди".

ЎзА мухбири амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ҳозирда махсус мақола ва фоторепортаж эълон қилишга тайёрланмоқда. Улар билан танишмоқчи бўлганлар сайтимизни кузатиб боришсин.

ЎзА
9 985