Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 10:46 Чоп этиш версияси

ЎзА танқидидан сўнг...

ЎзА танқидидан сўнг... Қилинган ишлар оз бўлса-да таскин беради. Аммо, болалар учун ўйингоҳ қуриш ёки ошхонага газплита ўрнатиб бериш билан бу инсонларнинг ҳаёти яхшиланиб қолади, дегани эмас.

Шу йил 20 майда www.uza.uz сайтида “Жамият эътиборидан четда қолаётган одамлар” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мавзу кўпгина баҳс-мунозараларга, турфа фикрларга сабаб бўлди. Шу мавзуда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ёшлар” каналида лавҳа эфирга узатилди. “Ўзбекистон” каналининг “Муносабат” кўрсатувида бир ярим соат давомида муҳокама қилинди. Бу кўрсатувларда сурдо таржимондан фойдаланилди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида бу инсонларнинг жамиятдан четда қолишида ҳокимиятни, маҳаллани, диний идораларни эътиборсизликда айблаганлар ҳам бўлди.

Яқинда Халқ депутатлари Олмазор туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Бахтиёр Сагатов таҳририятга қўнғироқ қилиб, бир қатор ўзгаришлар қилингани, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан болалар майдончаси фойдаланишга топширилгани ҳақида айтди.

“Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади”

Куни кеча мазкур ҳудудга борганимизда ётоқхона атрофида йиғилиб турган одамларни кўриб, аввалига ҳайрон бўлдик. Бу ерда нима бўлаётгани билан қизиқдик.

– Тиббий кўрик ташкил қилдик, – дейди депутат Б.Сагатов. – Анча вақтлардан буён тиббий кўрикдан ўтмаганлар жуда кўп. Тошкент шаҳар тиббиёт бирлашмасидан ренгент аппарати олиб келинди. Диагностик текширувдан ўтказиш жараёнида шифокор томонидан тавсия қилинган керакли дорилар ҳомийлар томонидан текинга тарқатилмоқда. Шунингдек, туман прокурорининг саъй-ҳаракати билан ётоқхонада шифокорнинг доимий фаолият юритиши учун битта хона ажратилиб, сурдо таржимон ҳам жалб этилди.

Ётоқхонага кирдик. Дастлаб ошхона билан танишдик.

– Ҳомийлар ўзимизда ишлаб чиқарилган янги газ пилиталарини ўрнатиб беришди, – дейди шу ерда яшовчи Гўзал исмли фуқаро. – Ётоқхона атрофига чироқлар ўрнатилди. Илгари ишдан кеч қолганда қоронғуликдан қўрқиб, бир амаллаб уйга кириб олардик. Ҳаммом ва кир ювиш хонасида ҳам таъмир бошланди. Айниқса, 2019 йилда ётоқхонамиз реконструкция дастурига тушгани бизни жуда қувонтирди.

Ётоқхона атрофи ободонлаштирилиб, дарахтларга шакл берилган, ён-атроф тартибга келтирилган. Бир неча кун олдин биринчи қават фойесида тўп ўйнаб юрган болалар, энди спорт майдончасида яйраб тўп тепишмоқда. Болаларга ҳомийлар томонидан спорт либослари берилгани, уларни ўзларини спортчилардек ҳис қилишига сабаб бўлган бўлса, не ажаб.

Бизга таниш бола – етти ёшли Анвар билан суҳбатлашдик.

Унинг биз билан гаплашишга вақти йўқдай. Ўйиндан қолиб кетман, деган хавотирда икки кўзи дўстларида бўлиб, қисқа сўзлади: “Олдин фойеда ўйнардик. Бизга футбол майдончаси қуриб беришди. Энди мазза қилиб тўп сурамиз. Зўр бўлди”.

Эшитиш ва гапиришида нуқсони бор инсонлар учун яратилган бу каби қулайликлардан, албатта, биз ҳам қувондик.

Тўғри, қилинган ишлар оз бўлса-да таскин беради. Аммо, болалар учун ўйингоҳ қуриш ёки ошхонага газплита ўрнатиб бериш билан бу инсонларнинг ҳаёти яхшиланиб қолади, дегани эмас. Ахир, иш топиш, рўзғорни таъминлаш, уй-жой барпо этиш, яшаётган жойида доимий рўйхатдан ўтиш каби жиддий муаммолар ҳам борки, уларнинг ечими топилмас экан, хотиржам бўлишга ҳақимиз йўқ.

– Шифокор касални текширганда олдинига унга яхшилаб ташхис қўйади, – дейди Б.Сагатов. – Шу каби биз ҳам масалани илдизига етиб боришимиз керак. Бунинг учун эса, аввало, бу ердагиларни иш билан таъминлашимиз керак. Илгари улар ишлайдиган корхонага имтиёзли равишда давлатнинг 15-20 фоиз буюртмаси берилган. Энди эса буюртма биржа орқали бўлгани туфайли йирик корхоналар эга чиқиб, эшитиш ва гапиришда нуқсони борларнинг корхонаси ишсиз қолиб кетмоқда. Агар давлат буюртмаси уларга берилса, ишчилар маош олиб, оиласини бемалол боқади. Кредитга уй ҳам олади. Биз шунга ҳаракат қиляпмиз.

Тўғри, қўлдан берганга қуш тўймас дейдилар. Ҳомийлар бир кун, икки кун ёрдам беради. Кейинчи...

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг декабрида қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантириш борасида вазифалар белгилаб берилган.

Мазкур фармонга кўра, барча даражадаги давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларига ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари корхоналари билан товарлар, ишлар ва хизматлар етказиб беришга оид шартномалар тузиш амалиётини кенгайтириши керак эди.

Биз аввалги мақолада ва бугун тилга олган ечими топилмаётган ҳар бир масаланинг ечими ушбу фармонда очиқ-ойдин келтирилган. Афсуски, бу ётоқхона ва уни ўқув ишлаб чиқариш корхонаси мисолида биз бу вазифалар ижросини гувоҳи бўлмадик. Фармон қабул қилинганига олти ой ўтган бўлса-да ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Президентнинг бу фармонини бажариш, ижросини таъминлаш кераклигидан наҳотки, тегишли ташкилотларнинг хабари бўлмаса?

Шу ўринда яна бир гап. Бизга мазкур ётоқхонада қарийб ўттиз йилдан буён яшаб келаётган Сапаров ва Худойбердиев оиласига Сергелида қурилаётган арзон уйларни 25 фоиз бадалсиз беришга рухсат берилгани ҳақида маълум қилишди. Лекин, бу ваъда қачон бажарилиши ҳақида уларда ҳам бизда ҳам маълумот йўқ.

Биз ҳали ушбу мавзуга яна қайтамиз.

Сайёра Шоева, ЎзА
5 927