ЎзА Ўзбек

02.04.2019 18:15 Чоп этиш версияси

ЎзА минбари: Тадбиркор инновацион лойиҳаси билан уй нархларини арзонлаштирмоқчи

ЎзА минбари: Тадбиркор инновацион лойиҳаси билан уй нархларини арзонлаштирмоқчи

Бизда замонавий, инновацион бино ва иншоотлар қуриш билан боғлиқ янги лойиҳа бор. Агар лойиҳа амалга ошса, экологик жиҳатдан тоза, сифатли, шинам ва арзон уйларни қуриш имкони пайдо бўлади.

Бунинг учун, аввало, ғишт заводининг печларини ўзгартириб, ғишт плита панелларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак. Шу тариқа ҳозир ҳам қурилишда фойдаланилаётган катта ҳажмдаги бетон плиталар ўрнига, ғишт плиталарни қурилиш амалиётига чиқариш мумкин.

Бу қандай амалга оширилади?

Масалан, ўлчами тахминан 3х3 метр (турли ўлчамда бўлиши ҳам мумкин) бўлган оловга чидамли қолипларда лойдан ғишт плиталари пиширилади. Бу плиталарнинг декоратив кўриниши ҳам турлича бўлади. Ички ва ташқи тарафларига ғишт, тош ёки турли нақш билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин, яъни шаклларга солиш имкони бор.

Сопол плиталарни майда ғиштлардан қурилаётган кўп қаватли уйларда кенг кўламда қўлласак, бир ярим минг ғишт ўрнини битта плита босади, сувоққа кетган сарф-харажатнинг ярми ёки учдан бир қисми тежалади. Шунда юзлаб кўп қаватли уйлардан миллиардлаб сўм маблағ иқтисод қилинади, табиийки, уйларнинг нархи ҳам арзонлашади.

Анча йиллар олдин қурилган кўп қаватли уйларда вентиляция тизими йўқ. Баъзилари ёпиқ ҳолда. Бу уйларда яшовчи инсонларнинг аксарияти нафас олиш йўлларида аллергик касалликдан азият чекади. Бунинг сабаби қурилиш герметик қоплама – девор бўёқлардан иборатлиги учун хонадонда кислород етишмаслигидир. Агар бизнинг лойиҳамиз асосида уйлар, меҳмонхоналар барпо этилса, унинг шифт, пол қисмига ғишт, яъни сопол плиталардан фойдаланамиз. Натижада уйнинг ҳарорати меъёрида бўлади. Ғишт плита панеллари билан арзон нархларда нуфузли меҳмонхоналарни ҳам қурса бўлади.

Бундан ташқари, бугунги кунда йўлакларга терилаётган турли ҳажмдаги брусчатка ўрнига катта ҳажмда ва исталган кўринишдаги ғишт кафелларни тайёрлаш мумкин. Ғишт плитани ҳовлиларга ҳам ўрнатса бўлади.

Ғишт плита ишлаб чиқариш амалиёти ҳозирча Ўрта Осиёда йўқ. Лойиҳамизни амалга ошириш учун эса 10 миллиард сўм маблағ талаб этилади, дастлабки босқичда 30 дан зиёд иш ўрни яратамиз. Шу боис, мутасаддилар бизни қўллаб-қувватласа, ер ажратса ва кредит асосида бўлса ҳам моддий ёрдам кўрсатса мақсадимизга тезроқ эришар эдик.

Азиз Абулқосимов,
Жиззах вилояти Фориш тумани,

* * *

Тадбиркорнинг таклифларига мутахассислар нима дейишади?

Сайтимизни кузатиб боринг.

ЎзА
6 947