ЎзА Ўзбек

14.03.2019 Чоп этиш версияси

Ўз жонига қасд қилиб вафот этган судланувчига ҳукм ўқилди

Ўз жонига қасд қилиб вафот этган судланувчига ҳукм ўқилди

2019 йил 5 март куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят Конимех туман судининг сайёр суд мажлисида жинояти бўйича жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўз жонига қасд қилиб вафот этган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. 

Судланувчи Аброр (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2017 йил 5 август куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи Комил ва Жасур билан оғзаки келишган ҳолда 147 бош қўй ва 120 бош баррани 800 минг сўм ойлик, ҳар ойига ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда йилига 12 бош қўй олиш шарти билан боқиб беришни ваъда қилган.

2018 йил 12 октябрь кунига қадар бўлган вақт давомида унинг ихтиёрида бўлган майда шохли моллардан 31 бошини Акмалга 12 млн. 400 минг сўмга, 5 бошини Равшанга 800 минг сўмга, Дилшодга 13 млн. 800 минг сўмга, 22 бош қўйларни Тоштемирга 3 млн. 500 минг сўмга, яна 7 бошини номаълум шахсларга сотиб юборган.

2018 йил 15 октябрь кунига қадар жабрланувчи Комилга жами 267 бош миқдорда майда шохли молларини қайтармай, жами 114 млн. 975 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган.

Судланувчи Аброрнинг айби, жабрланувчининг аризалари, баённомалар, тилхат, маълумотномалар ва жиноят иши ҳужжатларида мавжуд бўлган бошқа инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан тўлиқ исботини топган.

Аброр эса жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўз жонига қасд қилиб вафот этган.
Судланувчининг қонуний вакили Зоир Комил ва унинг қариндошлари Аброрни қўрқитган бўлишлари, оқибатда ўзини-ўзи ўлдиришга мажбур бўлганини ёки уни чўлда ўлдириб, кейин осган бўлишлари мумкинлиги ҳақидаги важларни келтирди.

Суд эса ҳолатни таҳлил қилиб, Аброр ўз жонига қасд қилганлигини суриштирув ва эксперт хулосасига асосан тасдиқлади.

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди томонидан қонун талабларидан келиб чиқиб, Аброрни Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топди. Унга ЖПКнинг 463-моддаси 3-қисмининг 5-бандига асосан жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқарди.

Жабрланувчи ва бошқа манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Ф.Қаҳҳоров,
Жиноят ишлари бўйича 
Конимех туман суди раиси 

7 288
ЎзА