ЎзА Ўзбек

06.03.2018 10:45 Чоп этиш версияси

Ўз уйингни ўзинг асра

Жорий йилнинг февраль ойида пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани “Боғ” маҳалласидаги хонадонлардан бирида келиб чиққан ёнғин оқибатида 7 нафар инсоннинг фожиали ҳалок бўлиши барчани қайғуга солди. Воқеада омон қолган Шаҳобиддин Одилов ва унинг турмуш ўртоғи Муяссар Одиловага аввало давлатимиз, шу билан бирга маҳалла-куй, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши бошқаруви томонидан маънавий ва моддий кўмак кўрсатилди. Аммо йўқотилганлар ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди...

Бу каби салбий ҳолатлар қайта содир бўлмаслиги учун маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари масъулиятни янада ошириши, тегишли ташкилотлар билан профилактика-тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириши талаб қилинади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашида бўлиб ўтган “Ўз уйингни ўзинг асра” мавзуидаги семинарда шу каби салбий ҳолатлар ҳамда кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш чоралари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда "Нуроний" жамғармаси, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари, суғурта компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ёнғинларнинг 80-85 фоизи аҳоли яшаш уйларида содир бўлаётгани айтилди. Амалиётлар шуни кўрсатяптики, асосий ҳалокатлар ва тан жароҳатлари газ қурилмалари, электр мосламалари ва иситиш ускуналаридан хавфсизлик қоидаларига риоя этмасдан фойдаланиш, носоз ва қўлбола маиший техника воситаларини ишлатиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, ҳушёрликни йўқотиш оқибатида содир бўлмоқда.

“Тилсиз ёв” ва бошқа табиий офатлардан азият чеккан, мол-мулкига жиддий зиён етган, турар жойидан батамом айрилиб қолган шахсларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан имкон қадар моддий кўмак берилмоқда. 2017 йилда бу борада республика миқёсида 251 нафар шахсга 140 миллион сўмлик маблағ ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўтган икки ойида бу рақам 20 миллион сўмдан ошди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги 63 нафар шахсга 30 миллион сўм ажратилди. 2017 йилда тизимли ишлар натижасида пойтахтимиздаги 505 та маҳалланинг 487 тасида ёнғинлар содир этилишига йўл қўйилмади.

Тадбирда сўзга чиққанлар баъзи маҳаллаларда ёнғин хавфсизлиги хизмати ўт ўчириш машиналари тезкор ёрдам кўрсатиш, ёнғинни бартараф этиш учун объектга келганда кўча ва йўлаклар торлиги, эркин ҳаракат қилиш учун имкон бермаслиги, йўлларда ўзбошимчалик билан сунъий тўсиқчаларининг барпо қилинганига гувоҳ бўлаётганини таъкидлади. Бу эса тегишли хизматлар фаолиятини ўз вақтида ва муваффақиятли амалга оширишга ҳалақит қилмоқда ва талафотлар кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорида пойтахт хавфсизлигини таъминлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар билан маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатига алоҳида урғу берилган.

Тадбирда суғурта компаниялари билан ҳамкорликда шахсий хонадонларни бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминлаш, ёш болаларни уйда қаровсиз-назоратсиз қолдирмаслик, ёнғин ва бошқа табиий офатлар вақтида тўғри ҳаракатланишни ўргатиш, уй-жой ва мол-мулкларни суғурта қилдириш сингари долзарб масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
9 247